Одессада ракета ҳужумидан кейин электр таъминотида узилишлар юз берди
Украина қуролли кучлари Россия Одесса шаҳрида фойдаланишдан чиқарилган автомобиллар омборига зарба бергани ҳақида хабар тарқатди.

Фото: Ukrainian Emergency Service/AP
Россия қўшинлари 24 апрел, чоршанба куни эрта тонгда Одессага ракета ҳужуми уюштирди, деб хабар берди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер. Портлаш тўлқини оқибатида 30 га яқин уй зарар кўрган, деразалари синган, баъзиларининг шифтлари қулаган. Кипер бир нафар жабрланувчи, 43 ёшли аёл ҳақида ёзган - у ўртача оғирликда касалхонага ётқизилган. «РБК-Украина» нашрининг хабар беришича, портлашдан кейин шаҳар бир қисмида электр энергияси ўчган.
Украинанинг энг йирик энергетика компанияси ДТЭК ўққа тутиш оқибатида электр таъминотида узилишлар юзага келганини тасдиқлади. «Бугун эрталаб Одесса яна душман ҳужумига учради, бунинг натижасида шаҳарнинг Хожибей туманидаги баъзи уйлар вақтинчалик электр таъминотисиз қолди», — дейилади компания хабарида. Мамлакат Энергетика вазирлигининг аниқлик киритишича, нимстанциялар ўққа тутилгани сабабли ўчирилган ва хизматлар тиклаш ишларини давом эттирмоқда.
Украина: Россия фойдаланишдан чиқарилган машиналар омборига зарба берди
Украина жануби мудофаа кучлари қўмондонлигининг маълум қилишича, Одессадаги зарба фойдаланишдан чиқарилган автомобиллар сақланадиган жойга амалга оширилган. «Душман орқада ҳарбий инфратузилма объектларини қидиришга ҳаракат қилмоқда, аммо Украина қуролли кучларининг ҳарбий хизматчилари ҳужум жойида бўлмаган», - дея таъкидлади Украина қуролли кучлари.
Россия армияси бир кун олдин Одессага Shahed-131/136 ҳужумкор дронлари ёрдамида ҳужум қилди. Зарба оқибатида тўққиз киши, жумладан, тўрт нафар бола тан жароҳати олди, турар жой бинолари ҳам зарар кўрди. Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги икки кун ичида Одессага берилган зарбалар ҳақида расман хабар бермади.
Мавзуга оид

08:52 / 27.05.2025
1,4 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган музлаткич омбори аниқланди

08:40 / 23.05.2025
Тошкентдаги қурилиш объектида 1,4 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилди

13:56 / 02.05.2025
1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган майнинг ферма аниқланди

09:14 / 01.05.2025