Иқтисодиёт | 18:12 / 27.04.2024
37480
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ўртача маошлар маълум қилинди

Жорий йил биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4 млн 920 минг сўмни ташкил этди. Энг кўп ойлик олувчилар – банк, лизинг ва суғурта соҳаси ходимлари бўлиб, улар ўртача 13,2 млн сўм ойлик оляпти. Тиббиёт ва таълимдаги ойликлар энг паст даражада қолмоқда.

2024 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4 млн 920 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 19,2 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Маълумот учун, ҳисоботни тузишда мудофаа, ички ишлар, божхона, ДХХ, прокуратура ва суд тизимларидаги маошлар, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларида ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишловчиларнинг маошлари киритилмаган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (8 млн 117 минг), Навоий (6 млн 500 минг) ва Тошкент вилоятида (4 млн 764 минг) қайд этилган.

Энг кам маошлар эса Сурхондарё (3 млн 543 минг), Қашқадарё (3 млн 594 минг) ва Наманган (3 млн 642 минг) вилоятларида қайд этилган.

Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда – Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида номинал иш ҳақининг даражаси республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.

2024 йилнинг январ-март ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Андижон вилоятида (25,2 фоиз) Тошкент шаҳрида (22,3 фоиз), Фарғона (21,5 фоиз), Навоий (18,8 фоиз) ҳамда Жиззах вилоятларида (18,2 фоиз) кузатилган.

Маошлар ошгани ортидан, ҳудудлар кесимидаги фарқланиш кучайиб бормоқда. Масалан, 2020 йилда энг бой ва энг камбағал ҳудудлардаги (Тошкент/Сурхондарё) ўртача иш ҳақидаги фарқ 74 фоиз, 2021 йилда 85 фоиз, 2022 йилда 2 баробар, 2023 йилда 2,1 баробар бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2,3 баробарга етган.

2023 йилда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн 91,9 минг ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган. Шундан 38,5 фоизи таълим, 18,1 фоизи саноат, 16,9 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ҳиссасига тўғри келган.

2024 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:

  • банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида– 13,2 миллион сўм;
  • ахборот ва алоқа соҳасида –11,7 млн сўм;
  • ташиш ва сақлаш соҳасида – 7,3 млн сўм;
  • саноат соҳасида – 6,1 млн сўм;
  • савдо соҳасида – 5,6 млн сўм;
  • қурилиш соҳасида – 5,3 млн сўм;
  • яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 4,2 млн сўм;
  • санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида – 3,9 млн сўм;
  • таълим соҳасида – 3,4 млн сўм;
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида – 3,2 млн сўм.

Индивидуал соҳалар ўзаро таққосланса, иш ҳақининг тармоқлар кесимидаги тенгсизлиги ортиб бораётганини кўриш мумкин. Хусусан, 2020-2024 йилларнинг мос даври оралиғида банк ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,44 баробарга ( 5,4 млн сўмдан 13,2 млн сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 79 фоизни(1,8 млн сўмдан 3,2 млн сўмга), таълим соҳасида 67 фоизни(1,8 млн сўмдан 3,4 млн сўмга) ташкил этган.

Мавзуга оид