Иқтисодиёт | 07:57 / 29.04.2024
3406
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Ўзбекистонда автомобил двигатели мойларини ишлаб чиқармоқчи

Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти тақдим қилинди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчихонаси ва Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (Federation of Indian Chambers of Commerce and Industry – FICCI) ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

FICCI 1927 йилда ташкил этилган ва Ҳиндистоннинг энг йирик бизнес ташкилотларидан бири ҳисобланади. Мазкур тузилма хусусий ва давлат секторлари, трансмиллий компанияларга хизмат кўрсатади, ўз фаолияти доирасида 250 мингдан ортиқ кичик, ўрта ва йирик компанияларни қамраб олган.

Жонли мулоқот тарзида кечган давра суҳбатида ўзаро ҳамкорликнинг имкониятлари ва истиқболлари ҳақида қизғин фикр алмашилди. Hinduja Group конгломерати департаменти раҳбари Сурен Алимчандани Ўзбекистонда автомобил двигатели мойлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, минерал ўғитлар харид қилишга тайёрлигини билдириб, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бу борада музокаралар ўтказишини маълум қилди.

MIER Group компанияси маркетинг бўйича директори Гопал Суд Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида эришаётган ютуқлардан хабардор экани ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганаётганини билдирди.

– Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида узоқ тарихга эга муносабатлар мавжуд, – дейди FICCI бош котиби Шаилеш Патҳак. – "Марказий Осиё – Ҳиндистон" ишбилармонлар кенгашининг жорий йилдаги йиғилишини Тошкентда ўтказишга тайёргарлик кўраётганимиз ҳам бежиз эмас. Ўзбекистон ва Ҳиндистон тадбиркорлари самарали ҳамкорлик қилиши учун қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, қайта тикланадиган энергия, тўқимачилик, автомобилсозлик, электромобиллар ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг имкониятлар мавжуд.

Мавзуга оид