Жаҳон | 07:42 / 01.05.2024
2476
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенати Россиядан уран импортини тақиқлашни қўллаб-қувватлади

Сенаторлар қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади. Ҳужжат имзолаш учун Жо Байденга юборилган. У қабул қилинганидан кейин 90 кун ўтиб кучга киради.

Фото: Донат Сорокин / ТАСС

АҚШ Сенати 30 апрел, сешанба куни Россиядан бойитилган уран импортини тақиқловчи қонунни қабул қилишни бир овоздан қўллаб-қувватлади. Декабр ойида Вакиллар палатаси қонун лойиҳасини тасдиқлаганди. Ҳужжат АҚШ президенти Жо Байден томонидан имзоланиши учун Оқ уйга юборилган.

Қонун 90 кундан кейин кучга киради, бироқ айни пайтда АҚШ реакторларининг ишлаши хавф остида бўлган тақдирда истисноларга рухсат берилади. Худди шу қонун лойиҳаси, шунингдек, Америка уранни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун 2,7 миллиард доллар (тахминан 2,5 миллиард евро) йўналтирилишини назарда тутади.

2022 йил февралида Россия Украинага кенг кўламли ҳужуми бошлаганидан кўп ўтмай, Қўшма Штатлар Россия нефтининг импортини тақиқлади. Бироқ, АҚШ Энергетика ахборот бошқармаси маълумотларига кўра, Америка атом электр станциялари 2022 йилда Россиядан ураннинг тахминан 12 фоизини импорт қилган. «Бизнинг қонун лойиҳамиз Россия уруш машинасини тўхтатишга ёрдам беради ва Америкада уран ишлаб чиқаришни жонлантиради», деди Вайоминг штатидан сенатор Жон Баррасо. Унинг сўзларига кўра, Вайоминг Россия импорти ўрнини боса оладиган бойитилган уран етказиб беришга тайёр.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид