Жаҳон | 21:42 / 01.05.2024
6125
2 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу ҲАМАСга қарши операцияни якунлашдан бош тортди – ОАВ

Исроил бош вазири ҳар қандай ҳолатда Рафаҳга ҳужум бошланишини айтди. 

Фото: AP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 1 май куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиётларни камайтириш ва Рафаҳдаги операциядан воз кечиш ниятида эмаслигини айтди. Бу ҳақда The Times of Israel нашрига таяниб Interfax ёзди. 

«Рафаҳдаги операция ҳеч нарсага боғлиқ эмас. Бош вазир Нетаняҳу буни давлат котиби Блинкенга аниқ айтди», дейилади нашр манбаси берган маълумотда. 

Нетаняҳу, шунингдек, Блинкенга ҲАМАС билан гаровга олинганлар келишуви доирасида Ғазо секторидаги операцияни тугатиш таклифини қабул қилмаслигини айтган. 

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти ушбу учрашувдан сўнг пресс-релиз эълон қилди, унга кўра Блинкен ва Нетаняҳу Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш ва можаронинг кенгайишига йўл қўймаслик борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилган. Блинкеннинг қайд этишича, сулҳга тўсқинлик қилаётган нарса ҲАМАС позициясидир. 

«Давлат котиби Рафаҳ бўйича АҚШ аниқ позициясини яна бир бор такрорлади», дейилади ҳужжатда. 

Аввалроқ, Исроил қўмондонлиги ҳарбийлар ҲАМАСнинг 24 та баталйонидан 20 тасини йўқ қилганини, қолганларини эса Рафаҳда йўқ қилиши кераклигини айтган эди. Шу билан бирга, 1,4 миллионга яқин фаластинликлар – анклав аҳолисининг ярмидан кўпи – жанглар туфайли мамлакатнинг шимолий ҳудудларини тарк этишга мажбур бўлганидан сўнг Рафаҳдан паноҳ топмоқда. 

Қатор давлатлар Исроилни Рафаҳдаги операциядан қайтармоқда. Бироқ бир кун аввал Нетаняҳу гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришилганми ёки йўқлигидан қатъи назар, Рафаҳга ҳужум бошланишини айтди.

Мавзуга оид