Ўзбекистон | 22:00 / 08.05.2024
6079
5 дақиқада ўқилади

8 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Уруш фахрийлари билан учрашган Мирзиёев, олий таълимда жорий этилаётган бошқа тартиблар ва серсув бўлиши кутилаётган Амударё ва Сирдарё — ўтган сутка давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Олий таълимдаги бир қатор ўзгаришлар

Олий таълимдаги навбатдаги ўзгаришлар эълон қилинди. Ўзбекистонда олийгоҳлар, коллежлар ва техникумларга қабул имтиҳонлари «аввал тест, сўнгра танлов» тамойилига ўтказилиши режалаштирилмоқда. Яъни абитуриентлар энди аввал тест топшириб, кейин қаерда ўқишни танлайди

Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, абитуриентлар тестни бир марта топширади ва тўплаган балли билан дастлаб олийгоҳга, балли олийгоҳга етмаган тақдирда, коллеж ёки техникумга кириш учун танловда иштирок этади.

Олийгоҳларга қабул жараёни 2 босқичда бўлади. 1-босқичда абитуриент рўйхатдан ўтиб, тест фанларини танлайди; 2-босқичда абитуриент тест натижаси эълон қилингандан кейин таълим йўналиши ва шаклини танлайди.

Шунингдек, ижтимоий-гуманитар йўналишларга давлат буюртмаси қисқартирилиб, бу квоталар устувор равишда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар орасида тақсимланадиган бўлди.

Давлат буюртмаси асосида грант ўринлари ҳар бир йўналиш учун республика бўйича тўпланган баллар кетма-кетлигига кўра абитуриентларнинг танловига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистонда сиртқи таълим шакли учун квоталарни кундузги таълим шакли учун ажратилган квотадан оширмаслик белгиланади.

Сиртқи таълим шакли масофавий таълим шаклини кенгайтириш ва узайтирилган таълим шаклини жорий этиш орқали босқичма-босқич тугатилади.

Анжуманда магистратура ва докторантурага қабул қилишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби бўйича кутилаётган ўзгаришлар ҳам маълум қилинди. Унга кўра:

Таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади. Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражада сақланади.

Талабаларга давлат гранти 2 турда тақсимланади: 100 фоизлик ва 50 фоизлик. Талаба биринчи курсни тугатгач, унга грант бир йиллик ўзлаштириш кўрсаткичига қараб берилади.

Демак, контрактда ўқиётган талаба 50 фоизлик грант олиши учун ҳам яхши ўзлаштиришга эга бўлиши керак. Бизда ўзлаштириш кўрсаткичи энг юқори бўлганларга 100 фоизлик грант, пастроқ бўлганларга эса 50 фоизлик грант берилади.

Шунингдек, олий таълим муассасаларига киришдаги 56,7 минимал ўтиш балли 2025 йилдан бошлаб босқичма-босқич оширилади. Чунончи, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун – 94,5 балл; бошқа йўналишлар учун – 75,6 балл этиб белгиланади.

Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти ҳам бекор қилинади.

Президент Хотира ва қадрлаш куни тадбирларида иштирок этди

Бугун президент Шавкат Мирзиёев 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба муносабати Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллади. Ғалаба боғига ташриф буюриб, «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди.

Президентга Ғалаба боғи ҳудудида мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган мажмуа барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди.

Сўнгра Мирзиёев Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига бориб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олди.

Кун давомидаги тадбирлардан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалий ташриф билан Москва шаҳрига жўнаб кетди.

2024 йил серсув келадими?

Ёғингарчиликлар кўп бўлгани сабабли бу йил Амударё ва Сирдарёда сув ҳажми яхши бўлиши тахмин қилинмоқда. Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевга кўра, Сирдарёда 85-90 фоиз, Амударёда 90-95 фоизгача сув бўлиши кутилмоқда.

«Марказий Осиё давлатлари билан ҳар йили сув лимитлари келишилади. Бугунги кунда сайловчилар билан учрашганимизда сув танқислиги ҳақида кўп мурожаат қилишади. Қўштепа канали қурилишининг Амударё сувига таъсири бўляптими, деган хавотирлар билдирилади. Умуман олганда, Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёларида сув келиш прогнозлари аввалги йилларга нисбатан неча фоизни ташкил қилмоқда?» деб сўраган вазирдан парламентда депутат Тиркашева.

«Дарҳақиқат, 5 та давлат сув лимитларини ўзаро келишади. Охирги йиғилишимиз Чимкентда бўлиб ўтди. Унда сув ҳавзаларидаги сув ҳолати муҳокама қилинди. Кўп йиллик меъёрларга нисбатан эса Сирдарёда 85-90 фоиз, Амударёда 90-95 фоизгача сув бўлиши кутилмоқда. Бугунги кунда сув омборларимизда ўтган йилга нисбатан 1,5 миллиард куб ортиқча сув захираси яратилган», — деган вазир.

Мавзуга оид