Жаҳон | 09:06 / 10.05.2024
1603
3 дақиқада ўқилади

Германия Украинага электр тармоқларини тиклашда ёрдам беради

Германия давлат тараққиёт банки KfW «Укрэнерго»га энергия тармоқларини таъмирлаш ва мустаҳкамлаш учун 45 миллион евро ажратади. Германия вазири Свеня Шулце Украинани тиклаш учун масъул бўлган бош вазир ўринбосари Кубраковнинг ишдан бўшатилишидан афсусда эканини билдирди.

Фото: УНИАН

Германия Украинага Россия ҳужумларидан жиддий зарар кўрган электр тармоғини тиклаш ва мустаҳкамлашда ёрдам беради. Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлигининг 9 май, пайшанба куни хабар беришича, тегишли келишув бошқарма бошлиғи Свеня Шулценинг Киевга ташрифи чоғида имзоланган. «Украина фақат электр тармоғи ишлаётган тақдирдагина урушдан омон қолиши ва тикланиши мумкин», деди вазир. Унинг таъкидлашича, шу сабабли Россия сўнгги ҳафталарда Украинанинг энергия инфратузилмасини атайлаб бомбардимон қилган.

Берлин ва Киев ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Германиянинг KfW давлат тараққиёт банки Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги номидан «Укрэнерго» миллий энергия тизими оператори билан 45 миллион евролик грант шартномасини имзолади. Маблағлар электр тармоқлари инфратузилмасининг шикастланган жойларини таъмирлаш, шунингдек, электр тармоқлари хавфсизлиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда уларнинг ҳужумга чидамлилигини оширишга йўналтирилади. Ҳамкорликнинг яна бир мақсади Украина электр тармоқларини Европага улаш имкониятига эришишдир. 

Украинани тиклаш бўйича халқаро конференцияни тайёрлаш 

Свеня Шулце Киевда Украина президенти Володимир Зеленский ва энергетика вазири Герман Галушченко билан учрашди. Музокаралар Украинада қайта қуриш учун малакали кадрлар тайёрлаш ва маҳаллий ҳокимият органларини кучайтиришда Германия ва халқаро ёрдам масаласида бўлди. 

Германия вазирининг ташрифидан яна бир муҳим мақсад 11-12 июн кунлари Берлинда Украинани тиклаш бўйича йирик конференцияга тайёргарлик кўришдир. Бошқа нарсалар қаторида, Украинада кичик ва ўрта корхоналарни қандай қўллаб-қувватлаш ва бу мамлакатни тиклаш учун мутахассисларни топиш муҳокама қилинади.

Анжуманда 1500 га яқин вакил, жумладан, давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Шу муносабат билан, Шулце Киевдаги «шаҳарлар ва вилоятлар саммити»да иштирок этяпти.

Немис вазири украиналик шеригининг ишдан бўшатилганидан афсусда

Шу билан бирга, Украина пойтахтига етиб келган Свеня Шулце кутилмаган янгиликка тўқнаш келди: бундан олдин Олий рада мамлакатни тиклаш учун масъул бўлган Украина бош вазирининг ўринбосари Александр Кубраковни лавозимидан четлатди. У Германия вазири билан биргаликда Берлин конференциясини тайёрлаши керак эди. 

Шулце жамоатлар, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Кубраковнинг ишдан бўшатилишини шахсан ўзи учун «жуда қайғули» янгилик деб атади. Унинг сўзларига кўра, Александр Кубраков коррупцияга қарши астойдил курашган ва бу борада катта муваффақиятларга эришган. «У билан бирга биз кўплаб лойиҳаларни илгари сураётгандик», деди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид