Ўзбекистон | 21:15 / 14.05.2024
6136
6 дақиқада ўқилади

14 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

“Эски моделлар ортидан қувмаслиги”ни айтган UzAuto Motors Cobalt-2 режасига қайтди. Тошкентда транспорт карталари сотувчи чиптахоналар ёпилди. “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларига оид чекловлар эълон қилинди. Ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

АТТО – энди фақат почта бўлимларида

Бир неча йил олдин АТТО транспорт карталари жорий этилиши билан қоғоз шаклдаги “проездной”лар ва метро жетонларидан воз кечилган эди. Эндиликда “проездной” сотадиган киоскалар ҳам ўтмишга айланяпти. 15 май, чоршанбадан бошлаб Тошкент шаҳрида транспорт карталарини сотиш шохобчаларининг барчаси ёпилади.

“Тошшаҳартрансхизмат” хабарига кўра, бундан буён АТТО карталарини харид қилиш, ҳисобини тўлдириш ва тариф сотиб олиш хизматлари Uzpost почта бўлимларида амалга оширилади. Расмийларнинг қайд этишича, жамоат транспортларида электрон тўловлардан қулайроқ фойдаланиш учун АТТО мобил иловасида виртуал карта очиш имкони бор. Виртуал карта физик картанинг ҳамма функцияларини бажаради.

Маълумот учун, жамоат транспортидан кўп фойдаланадиган одамларнинг аксарияти йўл ҳақини аллақачон карта орқали тўлашга одатланиб улгурган. Апрел ойида шаҳар жамоат транспорти орқали жами 32 миллионта транзакция қилинган бўлса, шунинг 43 фоизи АТТО картаси, 35 фоизи эса банк карталари ҳиссасига тўғри келган.

“Сўнгги қўнғироқ”даги чекловлар

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабларда 25 май, шанба куни ўтказиладиган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўйича анъанавий тавсияларини эълон қилди. Унга кўра, “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари эрталаб соат 8 дан 9 гача ўтказилади ва фақат 1-, 4-, 9- ва 11-синф ўқувчилари жалб этилади.

Вазирлик баёнотида айтилишича, ўқув йили тугаши муносабати билан турли ресторан ва кафелар, хонадонларда “Битирув оқшоми”ни ўтказиш тақиқланади. Ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр уюштириш, ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, парклар ва чўмилиш ҳавзаларига бориши ҳам мумкин эмас.

Расмийларнинг қўшимча қилишича, мактаб раҳбарлари имтиҳонлар вақтида мактаб таъмири учун ўқувчилардан пул йиғишига йўл қўйилмайди.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари илк марта Миллий гвардия ходимлари назорати остида ўтади. Бу орган феврал ойида мактабларда давомат ва интизомни яхшилашга фаол жалб этилган эди, шундан буён Миллий гвардия ходимлари иштирокидаги бир қатор ҳолатлар муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундай ҳолатлардан бири Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги 49-мактабда рўй берди. Интернетда тарқалган видеодан кўринишича, гвардия ходими мактабда бир ўқувчи йигитнинг юзига шапалоқ тортиб юборган.

Расмий маълумотга кўра, мактабда инспектор-психолог сифатида ишлаётган ходим ўқувчига шапалоқ туширгани сабабли лавозимидан четлатилган. Ҳозир уни бошқа лавозимга тайинлаш масаласи кўриб чиқиляпти.

Эрта турмуш ҳолатлари

Ўзбекистонда бир йил ичида 22 та эрта турмуш қуриш ҳолатлари аниқланган. Бош прокуратурадан маълум қилишларича, бу ҳолатлар юзасидан 41 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. 55 та эрта никоҳ ҳолатларининг эса олди олинган.

Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш деб белгиланган бўлиб, узрли сабаблар бўлганда никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириш мумкин. Шунга кўра, 17 ёки 18 ёшга тўлмаган фарзандларини никоҳлаб қўйган ота-оналар ва болаларнинг никоҳини ўқиган диний уламога нисбатан жавобгарлик масаласи кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 8-синф ўқувчиси фарзандли бўлган эди. Чақалоқнинг отаси ҳам ҳали мактабда ўқийди. Ҳолат юзасидан “16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Зўравонликка учраган аёлларга бошпана

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 1 июндан бошлаб, хотин-қизлар тазйиқ ёки зўравонликка учраган тақдирда, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиб, ҳимоя ордери олмаган ҳолда ижтимоий ва юридик хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга реабилитация хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларда вақтинчалик бошпана, яъни шелтерлар фаолияти йўлга қўйилади. Яъни зўравонликка учраган аёлларга нафақат психологик ва юридик хизматлар кўратилади, балки улар вақтинчалик бошпана билан ҳам таъминланади.

“Ўзавтосаноат” Cobalt-2 режасига қайтди

Ўзбекистонда Chevrolet Cobalt'нинг янгиланган версияси сотувга чиқарилади. Kun.uzʼнинг автосаноатдаги манбасига кўра, Cobalt–2 учун шартнома бериш 2025 йилдан бошланиши кутиляпти.

Янгиланган модел нархи қанақа бўлишига аниқлик киритилмади. Шунингдек, автомобилнинг ташқи кўриниши ва салони қанақа бўлиши ҳам ҳозирча номаълум. Эслатиб ўтамиз, Cobalt-2'нинг Ўзбекистонда синовдан ўтказилаётгани акс этган расмлар илк марта 2022 йилда тарқалган эди.

Аввалига, “UzAuto Motors” янги Cobalt автомобилини 2019 йилдан бошлаб ишлаб чиқаришни режа қилган, лекин бу режадан воз кечилган эди. “Ўзавтосаноат” буни ўшанда “эски моделлар ортидан қувиш мақсадга мувофиқ эмаслиги” билан изоҳлаганди.

Сардор Кариевнинг онаси судга мурожаат қилди

Сардор Кариевнинг онаси “Док-1 Макс” сиропидан жабрланганларга 75 млрд сўмлик товон пулини тўлаб беришга тайёрлигини билдирди. Маълум бўлишича, Мунира Кариева жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига шундай илтимос билан мурожаат қилган.

Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев шу йил феврал ойида “Док-1 Макс” иши доирасида 23 киши қаторида айбли деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Унинг онаси Мунира Кариев ҳозирда “Jurabek laboratories” фармацевтика компаниясининг таъсисчиси ҳисобланади. У судга қилган мурожаатида 75 млрд сўмлик товон пулини компания томонидан унга тўланадиган дивидендлар ҳисобидан 3 йил давомида, бўлиб-бўлиб тўлашга тайёрлигини билдирган, бунинг эвазига ўғлига нисбатан жазони енгилроғига алмаштириб, уни озодликка чиқаришни илтимос қилган. 

Мавзуга оид