Ўзбекистон | 11:10 / 14.05.2024
3012
2 дақиқада ўқилади

Зўравонликка учраган аёллар учун вақтинчалик бошпаналар яратилади

Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга реабилитация хизматларини кўрсатиш учун Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳудудий марказларида вақтинчалик бошпаналар фаолияти йўлга қўйилади.

Президентнинг “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди

Ҳужжат билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилмоқда. 2024 йил 1 июндан бошлаб:

  • “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг 102 телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан рўйхатга олинади.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:

  • хотин-қизлар фаоли вa маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
  • профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига  жойлаштирилади;
  • расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига реал вақт режимида “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга реабилитация хизматларини кўрсатиш учун Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларида вақтинчалик бошпана (шелтер)лар фаолияти йўлга қўйилади. Бунда ҳудудий марказларга қарашли 14 та намунали туманлараро марказнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда моддий-техника базаси тўлиқлигича ҳудудий марказларга ўтказилган ҳолда тугатилади.

Мавзуга оид