Ўзбекистон | 17:04 / 13.05.2024
42277
3 дақиқада ўқилади

Сардор Кариевнинг онаси “Док-1 Макс”дан жабрланганларга 75 млрд сўм маблағни тўлаб беришга тайёрлигини билдирди

Суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева судга илтимоснома киритиб, “Док-1 Макс” жабрланувчиларига суд томонидан белгиланган 75 млрд 756 млн сўм миқдоридаги маънавий зарарни тўлаб бериш таклифи билан чиққан. Бунинг эвазига у ўғлини озод этишларини сўраган.

Daryo.uz’нинг ёзишича, “Jurabek laboratories” МЧЖнинг айни кундаги директори, Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева шундай илтимос билан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ва апелляция инстанциясига мурожаат қилган.

“Мен зарарли дорилар таъсиридан болалари вафот этиб, жабрланган ота-оналарнинг оғриқли яраларига бир оз бўлса-да малҳам бўлиши ҳамда ўғлим Сардор Кариевнинг қисматини енгиллатишга эришиш учун ҳозирда ўзим раҳбарлик қилаётган “Jurabek laboratories” МЧЖнинг иқтисодий салоҳиятини айнан суд ҳукмида жабрланган ота-оналарга ундириб берилиши белгиланган маънавий зарарларни тўлаб беришга йўналтирмоқчиман”, — дейилади Мунира Кариеванинг судга берган аризасида.

Ўғли тақдиридан ташвишланаётган онанинг битикларида катта миқдордаги маблағни “Jurabek laboratories” МЧЖнинг ҳисоби ва мулкидан бирданига ажратиб бериш имкони йўқлиги таъкидланган.

“Ҳозирги кунда “Jurabek laboratories” МЧЖда 2000 нафардан ортиқ одам ишлаши, ҳар бирининг оиласининг ризқи ҳам шу корхона фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, шунингдек, илгари четдан қиммат нархларда импорт қилинадиган кўпгина дори воситаларини маҳаллийлаштириб, ўзимизда ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ жараёнда ҳам “Jurabek laboratories” МЧЖ етакчилик қилаётгани боис суд ҳукмида кўрсатилган маънавий зарар учун тўланиши керак бўладиган маблағларни корхонанинг асосий фаолиятига таъсир қиладиган усулда бирданига ажратиб олишга менинг маънавий ҳуқуқим ҳам йўқ”, дейилган мурожаатда ва пул тўлиқ тўланиши учун 3 йиллик муддат сўралган.

“Мен “Jurabek laboratories” МЧЖнинг фаолиятидан даромад олиш ҳуқуқига эга таъсисчи сифатида бу маблағларни фақатгина корхона фаолияти натижаларидан қонунан олишим мумкин бўлган дивидент маблағлари ҳисобига шакллантиришим мумкин. Бу жараён эса бир неча йил муддатни талаб қилади. Шунинг учун мен корхона фаолиятидан тушадиган даромадларни тўғри тақсимлаган ҳолда 3 йил муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда суд ҳукмида белгиланган маънавий зарар тўловларини тўлиқ тўлаб беришни амалга ошириш мақсадидаман. Эвазига эса ўғлим Сардор Кариевга нисбатан қонуннинг инсонпарварлик принципини қўллаб, унга нисбатан тайинланган 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини бекор қилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси асосида енгиллик берилиши ва унинг озодликка чиқарилишидан умидворман. Сиздан ушбу мақсадга эришишимга ёрдам беришингизни илтимос қиламан”, деган Мунира Кариева.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 26 феврал куни Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлими, 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишига олиб келган “Док-1 Макс” иши бўйича суднинг якуний ҳукми эълон қилинганди.  

Мавзуга оид