Ўзбекистон | 11:23 / 14.05.2024
2366
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туристик кластерларни ташкил этиш режалаштирилмоқда 

Туристик кластерлар кичик саноат зоналарига тенглаштирилади ва туристик кластерларга нисбатан кичик саноат зоналари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари имтиёз ва афзалликлари татбиқ этилади.

Зоминдаги янги осма кўприк Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Туристик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Туристик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

  • туристик кластерлар хизмат кўрсатишнинг замонавий инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда, барча учун тенг бўлган шартларда маҳаллий ва хорижий туристларга етказиб бериш;
  • тематик эко, агро, этно, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш, маданий-кўнгилочар ва бошқа туристик кластерларини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратиш;
  • давлат томонидан туристик кластерларини ташкил этишда зарур шарт-шароитларни яратиш;
  • туристик кластерлар ҳудудида “хизматлар тақдим этувчи” – “хизматларни тарғиб этувчи” – “хизматлардан фойдаланувчи” тамойили асосида фаолиятни ташкил этиш;

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

а) Туризм қўмитаси:
халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида туристик кластерларнинг янги турдаги хизмат ва маҳсулотларини тарғиб қилиш ва оммалаштириш чораларини кўради;

б) туристик кластерлар кичик саноат зоналарига тенглаштирилади ва туристик кластерларга нисбатан кичик саноат зоналари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг имтиёз ва афзалликлари татбиқ этилади;

в) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил 1 январдан бошлаб:
туристик кластерлар ташкил этилган ҳудудларда муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш ишлари биринчи навбатда Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш назарда тутилади;

г) 2025-2030 йилларда туристик кластерларига бирлашган туроператор-меҳмонхона-транспорт-хизмат кўрсатиш каби 4 та хизматни бирлаштирган Туристик кластери мақомини олган объектларга Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида янги турдаги хизмат ва маҳсулотларни тарғиб қилиш билан иштирок этишда устуворлик берилади;

д) туристик кластер иштирокчилари бўлган барча тадбиркорлик субъектларига жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 24 соат мобайнида тун-у кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йил 1 мартга қадар хорижий лойиҳа институтларини, шунингдек, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда Туристик кластерларнинг мастер режаларини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлайди:

  • ҳудуддаги электр тармоқларини ер остидан ўтказиш;
  • кластер ҳамда уни бошқа ҳудудлар билан боғловчи йўлларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари мавжуд бўлиши;
  • ҳудуддаги электромобиллар ва бошқа турдаги транспорт воситалари (қувват олувчи гибрид транспорт воситалари) учун электр қувватланиш станциялари нуқталарини белгилаш;
  • ҳудудда ўрнатилган тартибда аэронавигация воситалари ва кичик сиғимдаги ҳаво кемалари (вертолётлар) учун учиш-қўниш майдончаларини жойлаштиришни белгилаш;
  • ҳудуд салоҳиятидан келиб чиқиб, спортнинг экстремал турлари, шу жумладан зиплайн, фотосуратлар олиш учун манзарали ва ноёб жойларда селфи зоналар каби объектларни жойлаштириш;
  • ҳудудда ўрнатиладиган йўл кўрсаткичлари ва намунавий санитария-гигиена шохобчаларини жойлаштириш ҳамда чиқиндиларни ташлаш нуқталарини белгилаш;
  • туристик объектларда, шу жумладан сувенир ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси объектларини жойлаштириш.

Мавзуга оид