Эрон президенти вертолёти ҳалокатга учради
Ҳозирча президент ва унинг ёнида бўлганлар билан алоқа йўқ.

Фото: IRANIAN PRESIDENCY / HANDOUT
Бортида Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Озарбойжон билан чегара яқинида «қаттиқ қўниш»ни амалга оширган, бу ҳақда Associated Press агентлиги Эрон давлат телевидениесига асосланиб хабар тарқатган.
Қайд этилишича, қутқарувчилар пойтахт Теҳрондан тахминан 600 км шимоли-ғарбда рўй берган воқеа жойига етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Қутқарув амалиётини ноқулай об-ҳаво шароити қийинлаштирмоқда — ҳудудда туман, ёмғир ва кучли шамол кузатилмоқда.
Мамлакат ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий ҳам президент вертолёти билан боғлиқ ҳодиса фактини тасдиқлаган ва қутқарув бригадалари ҳозирча воқеа жойига етиб бора олмаганини билдирган.
Айни вақтда Қизил Ярим ой қутқарувчилари, ҳарбий хизматчилар ва полициячилар иштирокида кенг кўламли қидирув амалиёти ўтказилмоқда.
Вертолётда Эрон президентидан ташқари мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳмати, оятуллоҳнинг Шарқий Озарбойжон вилоятидаги вакили Муҳаммад Али ал-Ҳошим ва бошқа бир неча мулозимлар ҳам бўлган.
Бортида Эрон президенти бўлган вертолётга нима бўлгани мавҳумлигича қолмоқда. Эрондаги турли ахборот агентликларида бир-бирига зид келувчи хабарлар тарқалмоқда. Аммо бу хабарлар битта маълумотни тасдиқлайди, унга кўра, президент ва унинг аъёнларини Эрон шимоли-ғарбидаги чегарадош ҳудуддан олиб қайтаётган учта вертолётдан бири кучли туман туфайли қийинчиликка учраган.
Ҳозирча ҳодиса оқибатида президент жабрланган ёки йўқлиги маълум эмас, у ва унинг ҳамроҳлари билан ҳозирча алоқа ўрнатилмаган.
Раисий 19 май куни тонгда Озарбойжонда президент Илҳом Алиев билан учрашганди. Давлатлар раҳбарлари Араз дарёсидаги тўғон очилиши маросимида иштирок этганди.

Эронда вертолётлар кўп, аммо халқаро санкциялар уларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатишни қийинлаштирган. Мамлакат ҳарбий-ҳаво флоти асосан 1979 йилги Ислом инқилобидан олдин ташкил этилганди.
Аввал мамлакат суд тизимига раҳбарлик қилган 63 ёшли Раисий Эрон олий диний раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаийнинг яқин кишиси ҳисобланади ва таҳлилчилар уни 85 ёшли етакчининг вориси сифатида кўришарди.
Раисий Эронда 2021 йилда ўтказилган президентлик сайловларида ғалаба қозонганди, бу сайлов Ислом республикаси тарихида давомат энг паст даражада бўлган овоз бериш жараёнига айланганди. Раисий 1988 йилда Эрон-Ироқ уруши вақтида минглаб сиёсий маҳбуслар оммавий қатл этилишига алоқадорлиги туфайли Америка санкцияларига учраганди.
Тавсия этамиз
Алонсо «Реал»да. Энди ким ўзгаради – клуб ёки мураббий?
Спорт | 11:37 / 29.05.2025
Чет эллик жангчилар, хусусан ўзбеклар Суриядан қувиладими?
Жаҳон | 21:35 / 28.05.2025
Москвада шаҳарни билишини исботлаб бермаган таксичилар жаримага тортилади
Жаҳон | 20:35 / 27.05.2025
Бозор – гўшт нархи ҳақида: “Ем-хашак қиммат, мол боқиш осон бўлмай қолди”
Ўзбекистон | 17:00 / 27.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп Маскка Оқ уйнинг олтин калитини топширди
Жаҳон | 02:03
-
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Москва Украинага қарши «абадий» урушишга тайёрлигини маълум қилди
Жаҳон | 01:01
-
Францияда 1 июлдан болалар юрадиган жойларда тамаки чекиш тақиқланади
Жаҳон | 23:26 / 30.05.2025
-
АҚШ Олий суди Трампга Байденнинг миграция дастурини бекор қилишга рухсат берди
Жаҳон | 22:54 / 30.05.2025
Мавзуга оид

20:03 / 23.05.2025
Римда АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий дастур бўйича музокаралар бошланди

16:28 / 23.05.2025
Эрон 2023 йилда Озарбойжон элчихонасига ҳужум қилган эркакни қатл қилди

20:49 / 15.05.2025
Трамп АҚШ ва Эрон ядро келишувига яқин эканини айтди

12:18 / 15.05.2025