АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, 9 июнь куни Эроннинг Ҳўрмуз бўғози атрофидаги ҳаво мудофааси тизимлари, радиолокация станциялари ва бошқарув объектларига қарши ҳарбий амалиёт ўтказилган.
Қўмондонлик бу ҳаракатни америкалик Apache жанговар вертолётининг йўқотилишига нисбатан «мутаносиб жавоб» деб баҳолаган.
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам ABC News телеканалига берган интервьюсида мазкур қарорни ҳимоя қилди.
«Жавоб жуда кучли ва қатъий бўлиши керак эди. Ҳозир айнан шундай бўлмоқда», — деди Трамп.
Эрон жанубида портлашлар ҳақида хабарлар тарқалди
Американинг Axios нашри маълумотларига кўра, зарбаларнинг асосий нишонлари Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган Эрон ҳаво мудофааси тизимлари ва радар объектлари бўлган.
Эрон оммавий ахборот воситалари мамлакат жанубий соҳилларида бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди. Tasnim агентлигига кўра, Сирик ва Минаб шаҳарлари ҳамда Кешм ороли ҳудудида кучли портлаш овозлари эшитилган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи АҚШ ҳаракатларини кескин қоралаб, жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Эрон қуролли кучлари мамлакат хавфсизлигига қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ёки ҳужумни жавобсиз қолдирмайди.
Кейинроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) АҚШнинг минтақадаги объектларига қарши ракеталар ва учувчисиз аппаратлар ишга туширилганини маълум қилди.
АҚШ операция якунланганини билдирди
Бир неча соатдан кейин CENTCOM ҳарбий амалиёт тугалланганини эълон қилди.
Маълум қилинишича, АҚШ кучлари Эроннинг ҳаво мудофааси объектлари, ердаги бошқарув пунктлари ва радиолокация тизимларига аниқ зарбалар берган.
Apache вертолёти қандай ҳалокатга учраган?
Аввалроқ Дональд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Эронга қарши жавоб чоралари кўрилишини маълум қилган эди.
Унинг айтишича, Apache вертолёти Ҳўрмуз бўғозида патруль хизмати вақтида Эрон ҳарбийлари томонидан уриб туширилган. Президент икки нафар учувчи тирик қолгани ва хавфсиз жойга эвакуация қилинганини билдирган.









