Жаҳон | 07:27 / 21.05.2024
4417
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Иттифоқчиларнинг қурол бўйича қарорлари кечикмоқда

Украина президенти Ғарб иттифоқчиларини суст ёрдам бергани учун қоралади ва уларни урушда, хусусан, Украина ҳаво мудофаасида бевосита иштирок этишга чақирди.

Фото: AP

Ғарб иттифоқчилари Киевга ҳарбий ёрдам бўйича муҳим қарорларни қабул қилиш учун жуда узоқ вақт ўйламоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 20 май, душанба куни чоп этилган Reuters агентлигига берган интервюсида маълум қилди.

«Қабул қилинадиган ҳар бир қарор тахминан бир йилга кечикмоқда», деди Зеленский Украинага қурол ва ўқ-дорилар етказиб бериш билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан. Унинг сўзларига кўра, айни дамда Киев Россияга ҳавода қарши туриш учун зудлик билан «камида 120-130 қирувчи»га муҳтож. «Ҳозир буни таъминлай олмайсизми? Яхши, унда қўшни НАТО мамлакатларидаги самолётларга қайтайлик, нишонларни уриб, тинч аҳолини ҳимоя қилайлик», деди Зеленский. 

«Ҳамма украиналиклар ўлаётганига ўрганиб қолди»

Украина президенти иттифоқчи давлатларнинг Россия Федерациясига қарши мудофаа урушига кўпроқ жалб этилишини истаяпти. «Бу ирода масаласи, - деди у. - Ҳамма украиналиклар ўлаётганига ўрганиб қолди - одамлар учун бу кескинлик эмас».

Зеленский шунингдек, Киев Россия Федерацияси ҳудудида Россия ҳарбий техникасига зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлар билан музокаралар олиб бораётганини, аммо ҳозирча бундай ҳужумлар бўйича «келишув йўқ»лигини айтди.

«Тинчлик саммитида имкон қадар кўпроқ мамлакатларни бирлаштириш керак»

15-16 июн кунлари Швейцарияда бўлиб ўтадиган глобал тинчлик саммити ҳақида гапирар экан, Зеленский тадбирга имкон қадар кўпроқ давлатни йиғиш зарурлигини таъкидлади. «Ва кейин Россия Украина олдида эмас, балки дунёнинг аксарият давлатлари олдида жавоб бериши керак», деди у.

Хусусан, Зеленский Хитойнинг саммитдаги иштироки муҳимлигини таъкидлади, у ҳали ўз қарорини эълон қилмаган. Саммитдан сўнг «ким урушни тугатишни ва ким Россия Федерацияси билан мустаҳкам алоқаларни сақлаб қолишни исташи» аниқ бўлади, деди Украина раҳбари. 

Зеленский: Украина ҳали ҳам урушда ғалаба қозониши мумкин

Президент, шунингдек, сўнгги бир неча ой ичида ҳарбий муваффақиятсизликка учраганига қарамай, Украина урушда ғалаба қозониши мумкинлигини ҳам таъкидлади. «Биз бу йўлдан охиригача боришимиз керак, энг яхшиси ғалаба сари, гарчи бугун одамлар «ғалаба» сўзини шубҳа билан қабул қилсалар ҳам», деди у. 

Россия қўшинларининг Харкив вилоятидаги ҳужумини изоҳлар экан, Зеленский вазият «назорат остида» эканини айтди. 

Мавзуга оид