Жаҳон | 12:02 / 24.05.2024
3407
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Гуржистон билан муносабатларни қайта кўриб чиқади

Гуржистонда демократияга путур етказган ҳар қандай шахсга АҚШга кириш тақиқланиши мумкин, дейди давлат котиби Блинкен. У АҚШнинг Гуржистон билан ҳамкорлиги «ҳар томонлама кўриб чиқилиши»ни эълон қилди.

Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги мунозарали қонун қабул қилингандан сўнг, Қўшма Штатлар визани тақиқлаш ва бу мамлакат билан ҳамкорликни ҳар томонлама кўриб чиқишини эълон қилди. Пайшанба куни кечқурун АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўзининг X платформасидаги микроблогида «Гуржистон орзуси» томонидан таклиф қилинган «Ташқи таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун билан боғлиқ ҳолда Гуржистондаги демократияга путур етказганларга нисбатан янги виза чекловлари сиёсати эълон қилинишини билдирди.

«Ким Гуржистондаги демократик жараёнлар ёки институтларга путур етказса, жумладан, 2024 йил октябр ойида бўлиб ўтадиган Гуржистон сайловлари арафасида, сайлов пайтида ёки ундан кейин ҳам бу юз берса, АҚШга кириш учун виза олиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги мумкин», дейилади АҚШ Давлат департаменти сайтида чоп этилган баёнотда. 

«Шунингдек, мен АҚШ ва Гуржистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ҳар томонлама кўриб чиқилишини эълон қиламан. Умид қиламизки, Гуржистон раҳбарлари қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқади ва ўз халқининг демократик ҳамда Евроатлантика интилишларини илгари суриш учун чоралар кўради. Биз Гуржистоннинг ҳаракатларини ҳисобга оламиз», — дея келтирилади ҳужжатда давлат котиби Блинкеннинг сўзлари.

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги Гуржистон қонуни 

Май ойида Гуржистон парламенти ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси таклиф қилган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Унга кўра, молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари «хорижий ташкилот манфаатини илгари сурувчи» сифатида рўйхатдан ўтишлари керак. «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси оммавий норозилик ва полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлди. 

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили қонун лойиҳасига вето қўйди, чунки у ҳукуматга ноҳукумат ташкилотлар ва танқидий оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилишга имкон беради, бироқ бош вазир Ираклий Кобахидзе ветони бекор қилиш ниятида эканини айтди. Эстония, Нидерландия, Чехия ва Швеция Европа Иттифоқини Гуржистонга қарши санкциялар жорий этиш, жумладан, визасиз режимни тўхтатиш масаласини кўриб чиқишга чақирди. 

АҚШ Давлат департаментига кўра, Гуржистон парламенти томонидан қабул қилинган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун «фикр эркинлигини бостиради, Гуржистон фуқароларига хизмат кўрсатадиган ташкилотларни қоралайди ва юқори даражадаги ахборот воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга қаратилган мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилади». Давлат департаменти баёнотида айтилишича, Вашингтон «тинч мухолифатни бостириш учун қўрқитиш ва зўравонлик кампаниясининг аниқ белгиларини кўрди». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид