Жамият | 18:49 / 24.05.2024
13018
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда уй эшикларини пойлаган йигит 5 суткага қамалди

У судда уй яқинидан ўтиб кетаётганида кимдир ёрдам сўраб чақиргани, шунинг учун ўша қаватга чиқиб, эшикларни пойлаганини айтган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида бир йигит бегона хонадон эшигини очиб кўрмоқчи бўлгани, кейин кўз тирқишидан қараб пойлагани тасвирланган видео тарқалди.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг Kun.uz‘га маълум қилишича, ҳодиса 2024 йил 2 май куни содир бўлган. 24 ёшли А.Б. тунги соат 2:30 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги кўпқаватли уйнинг олдидан ўтиб кетаётган вақтида, ёрдам сўраб чақирган овозни эшитган.

Шу сабабли айнан ким ёрдам сўраётганини билиш мақсадида ушбу уйнинг тўртинчи йўлагидаги хонадонларини кўз тирқишларига қараб, хонадонларни эшитган. Оқибатда хонадонда яшовчиларни қўрқитиб, уларнинг тинчлигини бузган.

Ҳолат бўйича у ИИБ биносига таклиф қилинганида, идорага келишдан бош тортиб, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.

Суд йигитни МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан айбдор деб топган.

Унга нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ ҳамда БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Мавзуга оид