Жамият | 12:19 / 29.05.2024
29195
13 дақиқада ўқилади

“Бир пайтлар мен ҳам “кўча” бўлганман” – ақли кирмаган жиноятчининг тазаррулари

Менинг ҳуқуқшунослик факултетида ўқишим тўдамизни кўп марта қутқариб қолган. Баъзида тунда “ов”дан қайтаётганимизда милиция ходимлари дуч келиб қоларди. Милиционерларга дарҳол талабалик гувоҳномамни кўрсатардим ва қишлоқдан оғайниларим келганини, уларни шаҳар бўйлаб айлантирганимни айтардим. Ҳуқуқшунослик факултети талабаси деган ёзувни кўриб улар индамай қўйворишарди.

“Ҳаётий ҳикоялар рукнидан берилаётган навбатдаги ҳикоя қаҳрамони 1990-йиллар бошларидаги алғов-далғов замонларда жиноятчилар гуруҳига қўшилиб қолган собиқ жиноятчи экан.

Яқинда Kun.uz’да ўтган йил “Долзарб 40 кунлик” тадбирларида қўлга олинган шахслардан бир қанчасининг қамалгани ҳақида ўқиб қолдим. Бир пайтлар мен ҳам “кўча” одами бўлганман ва одамларни тунаганмиз”, деб ёзибди у.

Қаҳрамонимиз мактубида ўшанда фаолияти узоққа бормагани, мустақилликнинг илк йилларида қўлга тушиб, қонунуй жазо олгани, танишининг ёрдами туфайли қамоқда узоқ ўтирмагани, кейин адвокат бўлиб ишлаб, қинғир ишларини давом эттиргани ҳақида ёзибди.

Адвокатлик қилиб юрганида у фирибгарлик жиноятини содир этиб яна судланган ва қамалиб чиққан экан.

“Энди эслаб кўрсам жойларда жиноятчиликнинг авж олиши СССР тарқаб кетмасидан аввал назорат анча сусайган пайтларда бошланган экан. 1990 йилда ўзим яшайдиган пойтахт вилоятидаги туманлардан бирида ўғриларнинг гуруҳбошиси бўлиб қолдим.

Ўшанда тажрибали ўғрилар қолиб мени ўғрибоши қилишгани ўзимга ҳам таажжубланарли бўлди. Балки менда Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факултети дипломи борлиги учун шундай йўл тутишгандир. Кимдир қўлга тушиб қолса ёрдамим тегиши мумкин эди.

Отам раҳматли ҳуқуқшунослик соҳасида ўқитиш учун Тошкентга етаклаб борганида мени келажакда қонун ва адолат ҳимоячиси бўлади деб ўйлаган бўлса ажабмас.

Талабгорлар кўп эди, икки йил ўқишга кира олмадим. Кейин отамга ҳуқуқ соҳасига ўқишга кириш учун прокурор ёки судянинг ўғли бўлиш ёки “танка” топиш кераклигини айтдим.

Ўшанда бутун ҳаёти оддий ҳаёт билан ўтган отам нима қилиб бўлса ҳам мени ўқитишга қатъий аҳд қилди ва кейинги йилда белбоғига биттта новос ва ўттизтача қўйнинг пулини тугиб борди.

“Танка” ҳам топилди, ўқишга ҳам кирдим. Бироқ талабалик пайтимда кайф-сафога берилдим, гиёҳванд моддалар ва енгилтак аёллар овунчоғим бўлди. Улар учун пул керак эди ва шу тариқа ўғрилар сафига қўшилиб қолдим.

1980-йиллар охирларида университетда ўқир эканман, кундузлари дарсга бораман, тунда “ов”га чиқамиз. Гоҳида ўғирлик, гоҳида талончилик ҳам қилиб турамиз.

Менинг ҳуқуқшунослик факултетида ўқишим тўдамизни кўп марта қутқариб қолган. Баъзида тунда “ов”дан қайтаётганимизда милиция ходимлари дуч келиб қоларди. Милиционерларга дарҳол талаблик гувоҳномамни кўрсатардим ва қишлоқдан оғайниларим келганини, уларни шаҳар бўйлаб айлантирганимни айтардим.

Ҳуқуқшунослик факултети талабаси деган ёзувни кўриб улар индамай қўйворишарди. Ўшандай пайтда бўлимга олиб боришса, ёнимиздан ўғирланган ёки кимлардандир тортиб олинган нарсалар чиқарди ва биз қамалиб кетишимиз мумкин эди.

Қутқарувчи талабалик гувоҳномам учун менга баъзида кўпроқ ҳисса ажратишарди. Шу тариқа беш йил ўтиб кетди ва мен дипломимни олиб туманимга қайтдим.

Дипломни кўтариб бир нечта жойга бордим, бўш ўрин йўқ экан. Фақат арзимаган маош эвазига мактабда ўқитувчи бўлишни таклиф этишди, рад этдим. Ўша пайтда отам оламдан ўтган, мен эса қора меҳнат қилмоқчи эмасдим.

Ўқишни битириб қайтган пайтимда туманларда ҳам “рэкет” деб аталувчи жиноий гуруҳлар пайдо бўлган экан. Бундай гуруҳ фақат талончилик ва ўғирлик жиноятларини содир этарди.

Бекор юрган кунларимнинг бирида туманимдаги гуруҳни топиб қўшилмоқчи бўлдим. Аммо қабул қилишмади. Тошкентдаги бир-иккита таниқли ўғрибошиларнинг номини тилга олгандим, эртага кел, дейишди.

Эртаси куни борсам бошқача кутиб олишди, чамамда улар мени сўраб суриштиришган ва етарлича маълумот олган. Юқорида айтганимдай кўп ўтмай мени гуруҳ раҳбари бўлишга таклиф этишди, рози бўлдим.

1991 йилда давлат назоратни батамом сусайтириб юборди. Бошқа жойларда бўлгани каби биз ҳам одамларнинг машинасини ўғирлаб, маълум пул эвазига қайтариб бера бошладик.

Машинаси йўқ, лекин ўзига тўқ одамларнинг оила аъзоларини ҳам ўғирлаганмиз. Бу ишимиз мустақилликдан кейин ҳам қарийб уч йил давом этди. Бошқалар каби бизнинг ҳам йиғиладиган “офис”имиз бор эди.

Ўшанда кўпчилик гуруҳимиз аслида нима иш билан шуғулланишини билар, бироқ қўрқув туфайли бу ҳақда гапира олмас эди. Қолаверса, биз ўз “ишларимизни” ҳаммага кўрсатиб қилмасдик.

1994 йил куз фасли, “офис”да ўтирганимизда бирданига эшикни тепиб ички ишлар ходимлари кириб келишди. Ҳаммамизни ҳибсга олишди. Бизга қарши жиноят иши очилди. Ўшанда гуруҳимиз аъзоларидан ўн киши қўлга тушганди, қолганларни “сотмадик”.

Қачон бўлса ҳам бизни “йиғиштириб олишлари” аниқ эди. Лекин кутилмаганда ҳибсга олинишимизга собиқ судянинг хотинини ўғирлаб пул талаб қилганимиз сабаб бўлган экан.

Ўн кишини тергов қилиш жараёни учун қарийб бир йил кетди. Ички ишлар мабодо биздан жабрланганлар бўлса, мурожаат қилишни сўради. Ўнлаб одамлар жабрланувчи сифатида шикоят қилган.

Суд ҳам анча кун давом этди ва бизга ҳукм ўқилди. Унга кўра гуруҳ аъзолари 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси олди. Менга гуруҳга раҳбарлик қилганим учун 10 йил беришди.

Ўшанда гуруҳимизга тегишли жиноят иши гувоҳларнинг сўзлари ва бизнинг кўрсатмаларимиз билан бир неча том бўлди. Суд ҳукми эса қарийб 100 варақ бўлди.

Ўша пайтларда суд котиблари оддий ёзув машинкаси ишлатишарди. Қарийб 100 варақли ҳукм матнидан судланувчилар ва жабрланувчиларга бир нусхадан бериш лозим эди.

Ёзув машинкасида кўчириб чиқиш узоқ вақт олиши инобатга олиниб, ҳукм вилоят босмахонасида чоп этилди. Эсимда суд ҳукми нусхаси деб яқинларимга китобча беришганди.

1995 баҳорда ҳукм ўқилди ва бизни қамоқхонага жўнатишди. Ўшанда шу билан энди умрим қамоқда ўтиб кетади деб афсуслана бошладим. Бироқ негадир қилган ишларимдан афсусда эмасдим.

Қамалганимга икки йил бўлганда мени кўришга келган ўғлим ҳамкурсим вазирликлардан бирида катта амал эгасига айланганини айтди.

Шунда ўғлимга дарҳол унинг қабулига кириб, менинг вазиятимни билдиришини сўрадим. Кўп ўтмасдан, мен ётган қамоқхонанинг бошлиқ ўринбосари чақиртирди. Олдига кирдим.

“Фалонча Фалончаевични танийсизми?” деб сўради, яқин ўртоғим бўлишини, университетда бир гуруҳда ўқиганимизни, ётоқхонада беш йил битта хонада ётганимизни айтиб бердим.

Албатта гапларимнинг ярми ёлғон эди. Битта курсда, бир гуруҳда ўқиганимиз рост, лекин яқин оғайним бўлгани ва битта хонада беш йил бирга турганимизни ўзимдан қўшиб юбордим. Мени сўратибдими, демак сал муболаға билан гапирсам бўлаверади деб ўйладим.

Шунда бошлиқ ўринбосари Фалонча Фалончаевични жуда ҳурмат қилишини, қолаверса мен ўзимни намунали тутганимни, барчасини инобатга олиб, мени муддатидан олдин қамоқдан озод қилиб, пробация хизмати назоратига топширишини айтди. Шу тариқа уч йилга етмай қамоқдан чиқдим.

Уйга боргач, эртаси куни тўғри менга ёрдам қилган ҳамкурсимнинг олдига жўнадим. Унга миннатдорчилик билдиришим лозим эди. Бориб унга раҳмат айтдим. Шунда у “илтимос, буёғига қонунларни бузмай тинч яша” деди. Унга қамалиб чиққаним учун ҳеч қаерга ишга олмасликларини айтдим. У “адвокатлик қилишинг мумкин” деди.

Ҳамкурсим билан хайрлашар эканман, агар эгри йўлга кирмасам ва тўғри ҳаёт кечирсам ҳар доим ёрдамга тайёрлигини айтди. Унинг олдидан хурсанд бўлиб чиқиб кетдим.

Кўп ўтмай собиқ жиноятчи ва маҳбусдан адвокатга айландим. Ишлар эканман, қамоқдан чиқишим ва адвокат бўлишимда ҳозирда вазирликда катта мансабда ишлаётган ҳамкурсим, қиёматли дўстим ёрдам бергани ҳақида ҳаммага гапира бошладим.

Мақсадим, бу гап туманимиздаги ва вилоятдаги айрим мансабдорларга етиб борсин, “ортимда” ким турганини билишсин ва йўлимдан чиқишмасин. Бу қўллаган “тактикам” наф берди ва туманда ҳокимдан тортиб прокуроргача мени кўрса қўшқўллаб сўрашадиган бўлди.

Буёғига ишим силлиқ кетаверди ва исталган суд ишида ютиб чиқа олардим. Мендан ҳатто судялар ҳам қўрқарди ва адвокатлик қилган ишларимда мижозимда етарли далиллар бўлмаса ҳам унинг фойдасига ҳукм чиқариб беришарди.

Ўша пайтларда “энг кучли адвокат” деб номим чиқди. Шундан сўнг “хизмат ҳақи”ни жуда баланд қўядиган бўлдим. Чунки судялар мен ҳайиқиб тургани билан мижозим фойдасига ҳукм чиқаргандан сўнг умидвор бўлишади, уларга ҳам узатишим керак.

Кейинчалик номим вилоятда ҳам машҳур бўлди ва бошқа туманлардан ҳам мижозлар кела бошлади. Бошқа туманларда судялар мени танимасди. Шу сабабли ишни олганимдан сўнг судяни суриштирардим. Агар пулдан ҳазар қилмайдиган одам бўлса ишни олардим. Агар пулга сотилмайди дейишса мижозни қайтарардим.

Чунки адвокат учун энг ёқимсиз нарса ишни ютқазиш. Мижоз келади, унга ишни ютишга ҳаракат қилишингизни айтиб пул оласиз. Агар ютқазиб қўйсангиз, биринчидан, обрўнгиз тушади. Иккинчидан, мижоз пулимни қайтар деб сизни сарсон қилиши ҳам мумкин. Шу учун фактлар биланми ёки судяни сотиб олибми, аниқ юта олишимга ишонч ҳосил қилган ишларни олардим.

Кимларгадир судяларни сотиб олиш ҳақидаги гапларим эриш туюлар, бироқ адвокатларнинг орасида ҳар хил одам бўлганидай, судялар ҳам турлича эди. Бири пулга сотилмаса, бошқаси сотилади.

Ана шундай тарзда ишлаб юрган пайтларимда “Кўза кунда эмас, кунида синди”. Кунларнинг бирида бир мижоз келди. Айтишича, ўғли фермер бўлган ва ер сотаётиб қўлга тушган.

Ишни қайси терговчи олиб бораётганини сўрадим. У айтган терговчига бир-икки марта ҳамкорликда ишлашни таклиф қилганимда рад этганди. Бу сафар каттароқ пул таклиф қилсам кўнар деб ўйладим.

Мижозга жуда катта пулни айтдим ва бу пулдан терговчи ва кейинроқ судянинг ҳақини беришимни айтдим. У тезда рози бўлди ва пулни эртага олиб келадиган бўлди.

Эртаси куни пулни олаётганимда бирданига уч-тўрт киши пайдо бўлди ва қўлимга кишан уришди. Мижоз мени сотган эди. Уни эсладим, анча йиллар аввал ишни аниқ ютаман, бўлмаса пулни қайтараман деб ишонтиргандим.

Ўшанда кутилмаганда ишни юта олмадим. “Жигардан бўлган” пулларни қайтариб бермагандим. Ўшанда у пулларни қайтариб олиш учун бир муддат мени безовта қилган, бироқ мақсадига эриша олмаганди.

Ўшандан буён менга қасд қилиб юрган экан, охири ушлаб берди. Орадан анча йил ўтиб кетгани учун уни танимабман. Таниганимда балки бошқача иш тутармидим.

Қўлга тушган пайтимда “катта ишда ишловчи” ҳамкурсим ишдан бўшаб кетган, энди уни орқа қила олмасдим. Ўшанда йиллар давомида танишган одамларни аралаштирдим, бироқ уларнинг “кучи етмади”. Шундан сўнг бир неча йилга қамалиб кетдим.

Ёшим 50 га яқинлашиб қолганда қамоқда ўтириб ўтган ҳётимни сарҳисоб қилдим. Ўйлаб кўрсам бутун умрим жиноят ва гуноҳ ишлар билан ўтибди. Ўша ерда тавба қилдим ва қамоқдан чиқсам тўғри ҳаёт кечираман деб ўзимга ўзим сўз бердим.

Қамоқдан чиқиб келганимга ҳам анча йил бўлди. Энди маҳалладаги тенгқурлар билан чойхонада ош еб юрибман. Ваъдамда туриб эски ишларга қайтмадим.

Ҳозир ҳам кимлардир олдимга ёрдам сўраб келиб туради. Уларга текинга ҳуқуқий маслаҳат бераман. Келган одам айбдор бўлса жазодан қутулишни эмас, тўғри ҳаёт кечириш кераклигини уқтириб чиқариб юбораман. Агар жабрланувчи бўлса йўл-йўриқ кўрсатаман. Бироқ минг қисташмасин адвокатлик қилмайман.

Бугун ўтган ишлардан жуда афсусланаман. Аммо энди ҳаётни ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Бошқаларга “мен қилган хатоларни қилманглар, бир марта бериладиган бу умрни фақат яхшиликда ўтказинглар дейман”.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид