Ўзбекистон | 23:06 / 30.05.2024
4141
2 дақиқада ўқилади

Бухорода жадидлар мероси давлат музейи ташкил этилади

«Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди. 

Фото: Getty Images

Қарорга кўра, Бухоро шаҳридаги тарихий маскан – Хўжа Гулрез кўчаси 13-уй манзилида жойлашган Ҳовли Поён мажмуасида Жадидлар мероси давлат музейи ташкил этилади. 

Музей фаолиятининг асосий вазифалари:

- жадидлик ҳаракатига оид мамлакатимиз ва хориждаги турли манбалар ва тарихий ҳужжатларни аниқлаш, тўплаш, сақлаш, ўрганиш, тиклаш, нусхалаш, эълон қилиш, улар асосида Музей фондини бойитиб бориш ва экспозицияларни яратиш, шунингдек, маданий-маърифий ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;

- маърифатпарвар жадидларнинг Ватанимиз ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолимизнинг маънавий асосларини яратишдаги ҳиссаси ва фидойиликларини ҳаққоний ёритиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;

- музей экспозицияларини яратишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш. 

Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тизимига киради ҳамда фаолияти биносида қурилиш-монтаж ишлари якунланганидан сўнг бошланади. 

Музейни сақлаш харажатлари – Бухоро вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, Музейнинг ўз даромадлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади. 

Музей жадидлик ҳаракатига оид ашёлар ва коллекциялар билан тўлдириб борилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид