Ўзбекистон | 22:14 / 31.05.2024
7704
3 дақиқада ўқилади

Ғиждувондан Туркманистон чегарасигача 155 км йўл реконструкция қилинади

Президентга Бухорода янги лойиҳа асосида таъмирланган автомобил йўли, Ғиждувон туманидан Туркманистон чегарасигача 155 километр йўлни реконструкция қилиш лойиҳаси, «Янги Ўзбекистон» массиви ва боғи лойиҳаси тақдим этилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти, Қоракўл туманида янги лойиҳа асосида таъмирланган автомобил йўлини кўздан кечирди. 

Қайд қилинишича, «Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши» автомобил йўлининг Қоракўл туманидан ўтган бир қисми намунавий шаклга келтирилган. Лойиҳага кўра, 4 тасмали йўл янгича қатламли асфалт-бетон билан қопланган. Бунда юқори инновацион материаллардан фойдаланилгани эвазига йўлнинг сифати ошгани, йигирма йилгача хизмат қилиши таъкидланмоқда. Шунингдек, таъмирлаш жараёнида йўл қатламларини ўша жойнинг ўзида қайта ишлаб, янгилаш мумкин. 

Давлат раҳбари аҳоли манфаатига қаратилган бундай ишларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. 

- Асосий вазифа - йўлларда сифат ва маданиятни таъминлаш, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Янги лойиҳада йўл сифатини сақлаш мақсадида, меъёрдан ортиқ юк ташувчи транспорт воситаларининг вазн параметрларини вақти-вақти билан ўлчовчи кўчма тарози қўйилади.  

Шунингдек, бу ерда ёндош шохобча йўл ҳам қурилган. Янги белгилар, электрон табло ва қуёш панелли ёритиш чироқлари ўрнатилган. Йўл бўйига манзарали дарахт кўчатлари экилган. 

Президентимиз бу жиҳатга алоҳида тўхталиб, дарахт экиш йўл қурилиши билан бирга олиб борилиши шарт эканини таъкидлади. 

Шу билан бирга, президентга транспорт ва бунёдкорлик лойиҳалари тақдим қилинди. Бу йил Бухорода 1 минг 316 километр йўлни реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган. 

Шуларнинг давоми сифатида Ғиждувон туманидан Туркманистон чегарасигача 155 километр йўлни реконструкция қилиш лойиҳаси маъқулланди. 

Йўлсозлик соҳасида кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг ривожланган давлатларда малака оширишини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. 

Бухоро шаҳрини ривожлантириш концепцияси ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, шаҳарда «Янги Ўзбекистон» массиви ва боғи бунёд этилиши режалаштирилган. Боғда Бухоро тарихи замонавий ёндашувлар асосида намоён этилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳанинг ғоявий мазмуни ва техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид