11:22 / 31.05.2024
2471

НАТО совуқ уруш давридан кейинги энг йирик машғулотларини якунлаяпти

Январ ойи охирида бошланган « Steadfast Defender манёврларида 90 мингдан ортиқ аскар иштирок этди. НАТО 1988 йилда ўзининг шунга ўхшаш сўнгги машқларини ўтказган.

Фото: Picture Alliance

Шимолий Атлантика алянси 31 май, жума куни Россия агрессиясининг олдини олишга қаратилган сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик ҳарбий машғулотларини якунлади. Steadfast Defender 2024 («Қатъий ҳимоячи 2024») деб номланган машғулотлар туркуми НАТО томонидан икки йилдан кўпроқ вақт аввал Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми натижасида Европадаги ўзгарган хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга жавобан бошланган

НАТО штаб-квартирасидан олинган маълумотларга кўра, тахминан тўрт ой олдин бошланган машғулотларда НАТОнинг барча 32 давлатидан 90 мингдан ортиқ, жумладан, бу йил алянсга қўшилган Швециядан аскарлар иштирок этди. Машғулотларга техника бўйича 50 дан ортиқ кема, 1100 га яқин жанговар машина ва 80 дан ортиқ қирувчи жалб қилинган. Хусусан, НАТОнинг шарқий қанотида миллий ва кўп миллатли қуруқликдаги кучларни тайёрлаш ва жойлаштириш амалиёти ўтказилди.

Dpa хабарига кўра, Steadfast Defender манёврлари сценарийси Россиянинг иттифоқдош ҳудудга ҳужуми бўлиб, бу НАТО шартномасининг жамоавий мудофаа тўғрисидаги 5-моддасига асосланади. НАТО маълумотларига кўра, манёврларда, шунингдек, иттифоқчилар томонидан ўтган йили Россиянинг Украинага қарши уруши муносабати билан келишилган янги минтақавий мудофаа режалари ҳам биринчи марта синовдан ўтказилди. 

Ҳозирга қадар сўнгги ўн йилликларнинг энг йирик манёврлари 2018 йилда 50 000 дан ортиқ аскар иштирок этган Trident Juncture («Ягона уч айрили найза») ҳисобланарди. НАТО 1988 йилда 125 000 дан ортиқ аскарни жалб этган ҳолда ўзининг сўнгги йирик машқларини ўтказган.

Бундесвер бош инспектори ижобий баҳо берди 

Steadfast Defender 2024 доирасида Германия қуролли кучларининг (Бундесвер) Quadriga 2024 алоҳида манёврлари бўлиб ўтди. Машғулотлар давомида 12 000 дан ортиқ қўшинни ўз жойлашувидан НАТОнинг шарқий қаноти ҳудудларига ўтказиш амалиёти амалга оширилди. 

Бундесвер бош инспектори Карстен Бройер шу ҳафта ўрталарида Литвада бўлиб ўтган Quadriga манёврлари тугаганидан кейин унга ижобий баҳо берди. «Биз жанговар қобилиятимизни исботладик», деди у. Бройернинг айтишича, машғулотлар иттифоқчилар ўзини ҳимоя қила олишини кўрсатди. 

Top