Ўзбекистон Россия билан кўпроқ рублда савдо-сотиқ қилмоқда
Владимир Путин Ўзбекистонга ташрифи вақтида ўзаро савдода доллардан воз кечиб, миллий валюталарга ўтишни “фавқулодда муҳим” деб атади. Иқтисодчи Россия билан рублда савдо қилиш ўзбек экспортчилари ва импортёрлари учун қандай чақириқлар яратиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Шу ҳафта Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлган Россия президенти Владимир Путин ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, миллий валюталарда (рубл ва сўм) савдо-сотиқ қилишга ўтиш “фавқулодда муҳим”лигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, икки томонлама тижорий битимларда рублнинг улуши 2023 йил якунлари бўйича 58 фоизга етган.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдосида сўнгги 5 йилда рублнинг улуши экспортда 0,8 фоиздан 5,3 фоизга, импортда 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача етган. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ҳисоб-китоблари бўйича, 2023 йилда Ўзбекистон эквиваленти 1,3 млрд доллар экспорт ва 2,9 млрд долларлик импортни рублда амалга оширган.
Рублда савдо қилишга ўтиш Ўзбекистон учун фойдами ёки зарар?
Мантиқан ўйлаб қараладиган бўлса, Россия билан рублда савдо қилиш Ўзбекистон учун катта хавф туғдирмайди, чунки мамлакат экспорт қилганидан кўра кўпроқ импорт қилади. Масалан, 2023 йилда Россияга экспорт 3,3 млрд долларни, Россиядан импорт эса 6,57 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йили Россия билан ташқи савдо манфий салдоси 3,27 млрд доллар бўлган.
Аммо айни пайтда бу амалиёт ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун бир қанча рискларни юзага келтириши мумкин. Отабек Бакиров бу борада эътибор бериш лозим бўлган бир қатор жиҳатларни санаб ўтди.
“Биринчидан, рублнинг волатиллиги жуда юқори. Масалан, 2023 йилда долларнинг рублга нисоби 70 дан 104 гача ўйнади. Бу қатор ҳолатларда экспорт битимининг маъно-мазмунини йўққа чиқаради. Кеча тузилган битим, токи ҳисоб-китоблар амалга оширилгунича зарарлига айланиб қолади. Рубл курсига маъмурий қарорлар таъсирининг юқорилигини айтмаса ҳам бўлади.
Иккинчидан, рублнинг ликвидлилиги ва кейинги танлови паст. Рубл тушумини ё яна Россиядан импорт учун ёки энг яхши ҳолатда кўнишса, ЕОИИнинг бошқа аъзолари билан савдода ишлатиш мумкин холос. Кўпинча экспортчилар экспорт тушуми учун технология ва ускуналар харид қилишни исташади. Бундай танловни рубл билан амалга ошириш анча мушкул.
Учинчидан, рублга харидор топиш ҳам, сотиб олиш ҳам юқори транзакцион харажатларга олиб келади. Валюта биржасида рублда охирги марта савдолар 2024 йил февралда амалга оширилган. Биржадан ташқари савдолар орқали рублга харидор топиш осонроқ ва тезроқ, лекин афзал бўлмаган курсларга рози бўлишга тўғри келади. Банклар, айтайлик доллар олиш ва сотишда ҳатто 0,1 фоизлик спредга рози бўлишса, рубл мисолида энг яхши ҳолатда ҳам спред 5 фоиздан кам бўлмайди. Чунки спред ичида юқори волатиллик яратадиган хатарлар нархи ўтиради”, дея ёзди иқтисодчи.
Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, Россия билан савдода рубл билан эмас, барқарорлиги юқорироқ бўлган Хитой юанида ҳисоб-китоблар икки томонлама афзалроқ кўринади.
“Биринчидан, Россиянинг ўзи ҳам ташқи савдода тобора кўпроқ юандан фойдаланмоқда. 2023 йилда Россия экспортида юан улуши 26,3 фоизга етган. Москва биржасидаги валюта савдоларининг ярмидан кўпи юан олди-сотдиси билан боғлиқ.
Иккинчидан, юаннинг Ўзбекистон учун афзалроқ экани импортнинг 30 фоизи Хитойга тўғри келиши билан ҳам муҳим. Геосиёсий мувозанатдаги эврилишлар, ўзбек иқтисодиётининг технологик қайта қуролланиши давом этиши ва инвестицион мақсадлар бу улушни яқин истиқболда қисқартирмайди.
Учинчидан, ҳозирги реалликларда юандаги савдо рублдаги ҳисоб-китоблар яратадиган концентрациядан кўра ташқи савдони кўпроқ диверсификациялайди, эҳтимолий санкциялар билан боғлиқ хатарлар ҳам камроқ бўлади”, – дейди эксперт.
Охирги кунлардаги сўм курсининг мустаҳкамланиши нима билан боғлиқ?
Сўнгги 7 кунда валюта биржасида долларнинг сўмга нисбати ноодатий равишда фақат пасайди. 23–31 май кунлари Америка валютаси 125 сўмга арзонлашди.
Айрим ижтимоий тармоқларда сўм курсининг мустаҳкамланиши Ўзбекистон ва Россиянинг икки томонлама ҳисоб-китобларда доллардан воз кечишга келишиб олгани билан боғлиқлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин бундай эмас: гап шундаки, ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати доллар, евро ва сўмда жами 1,5 млрд долларлик облигациялар чиқарганди. Жалб қилинган хорижий валютадаги маблағларни (600 млн доллар ва 600 млн евро) валюта биржасига чиқариб сотиш ҳисобидан сўм курсининг вақтинчалик мустаҳкамланишига эришилган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
17:53 / 23.11.2024
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33 / 23.11.2024
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
12:21 / 23.11.2024
Путин: Россия жангда «Орешник» ракетасини синовдан ўтказишда давом этади
23:44 / 22.11.2024