Ўзбекистон | 09:40 / 31.05.2024
13058
2 дақиқада ўқилади

Тарифлар оширилгандан кейин электр ва газ истеъмоли камайди - энергетика вазири

Май ойи учун тарифлар оширилганидан сўнг Ўзбекистонда 2023 йилнинг шу даврига нисбатан электр энергияси истеъмоли 324 миллион кВт/соатга, газ истеъмоли 125 миллион куб метрга камайди, деди энергетика вазири. Унинг сўзларига кўра, абонентлар ва корхоналар сони кўпайиши шароитида истеъмолнинг камайиши энергия тежамкорлигидан далолат беради.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 30 май куни президент ўтказган йиғилишдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида 1 майдан тарифлар оширилганидан кейин Ўзбекистонда электр ва газ истеъмоли қандай ўзгаргани ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, 1-29 май кунлари электр энергияси истеъмоли ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 324 миллион кВт/соатга камайган, яъни «шундай миқдор тежалган».

«Айтиш жоизки, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аҳоли ўртасида абонентлар сони 160 минг нафарга, юридик шахслар, яъни ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳам абонентлар сони ортган. Демак, абонентлар, иқтисодиёт ва саноатнинг ўсиши билан умумий истеъмол камайиши энергия тежамкорлигидан далолат беради», — деди вазир.

Энергетика вазирлиги раҳбарининг айтишича, қуёш ва шамол электр станцияларида 970 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 700 миллион кВт/соатга кўпдир. 

«Шу билан бирга, биз электр энергияси импорти ҳажмини камайтириб, аҳолини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаган ҳолда экспорт қилиш имкониятига эга бўлдик. Худди шу тенденцияни газ бўйича ҳам кўриш мумкин. Умумий абонентлар сонининг ўсиши билан бир қаторда май ойи 29 кунида истеъмол 125 миллион куб метрга камайди. Кундалик истеъмолга эътибор қаратилса, иссиқлик электр станциялари режадагидан 5-6 миллион куб метр газ, шунингдек, кўмирни 2 баробар кам ёқмоқда», — деди у. 

Мавзуга оид