Иқтисодиёт | 18:25 / 05.06.2024
5522
2 дақиқада ўқилади

Давлат бюджети дефицити 29 трлн сўмдан ошди

Май ойида давлат бюджети даромадлари 22 трлн 749 млрд сўмни, харажатлари эса 26 трлн 565 млрд 200 млн сўмни ташкил этди. 

Ўзбекистонда йилнинг дастлабки 5 ойида давлат бюджети дефицити 29 трлн сўмдан ошди. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келтирган рақамлардан маълум бўлмоқда. 

Май ойида давлат бюджети даромадлари 22 трлн 749 млрд сўмни, харажатлари эса 26 трлн 565 млрд 200 млн сўмни ташкил этди. Фарқ манфий томонга 3 трлн 816 млрд 200 млн сўмни ташкил қилган. 

Харажатлар таркибида Давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилган трансфертлар инобатга олинган. Даромад ва харажатлар орасидаги фарқ ой бошига шаклланган қолдиқ ва апрел ойида муомалага чиқарилган давлат қимматли қоғозлари ҳисобига қопланган. 

2024 йилнинг биринчи чорагидаги дефицит 19,8 трлн сўмни, апрел ойида 5,7 трлн сўмни ташкил қилган эди. Дастлабки 5 ой якунига кўра дефицит 29,3 трлн сўмга етди. 

Шу билан бирга, 2024 йилда давлат бюджети даромадлари 270,4 трлн сўм, харажатлари 280,7 трлн сўм, дефицит эса 10,3 трлн сўм бўлиши кутилаётган эди. 

2023 йил якунига кўра, давлат органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, ННТ ва маҳаллаларни молиялаштириш харажатлари 24,5 фоизга ошиб, 17 трлн сўмни ташкил этди. 2024−2025 йилларда ҳам уларни сақлаш харажатларини ошириш режалаштирилган. 

Мавзуга оид