Ўзбекистон | 14:20 / 06.06.2024
3285
2 дақиқада ўқилади

Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилмоқда. 3 июн бу ҳақда президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, инспекцияни бошлиғини бош прокурор лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади. Инспекция бошлиғи мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича департамент бошлиғи ўринбосарига тенглаштирилади.

Инспекция ўзининг юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари жамғармасига эга бўлади.

2025 йил 1 январгача қуйидаги ахборот тизимлари (ҳисобга олиш ахборот тизими) жорий этилади:

  • истеъмол ва техник этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ахборот тизими;
  • истеъмол ва техник этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил қилиш тизими;
  • истеъмол ва техник этил спирти ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини марказлаштирилган тарзда мониторинг ва назорат қилиш имкониятига эга геоахборот тизими.

Бунда, 2025 йил 1 январгача ҳисобга олиш ахборот тизимлари ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш учун Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, Кадастр агентлиги, Республика товар-хомашё биржаси, “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.

Эслатиб ўтамиз, муқаддам бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолият юритган, агентлик маъмурий ўзгаришлар мобайнида 2023 йил 1 январдан бошлаб тугатилган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид