Жаҳон | 13:44 / 13.06.2024
3923
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг ВЭБ корпорацияси ЕИ санкцияларига қарши чиқа олмади

Европа Иттифоқининг умумий юрисдикция суди ВЭБ.РФга қарши Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин жорий этилган санкцияларни бекор қилишдан бош тортди. 

Фото: РИА Новости / Павел Бедняков

12 июн, чоршанба куни Люксембургдаги Европа Иттифоқи умумий юрисдикция суди Россиянинг ВЭБ.РФ давлат корпорациясининг ЕИ кенгашига қарши даъвосини рад этди. Даъво аризасида Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқариб ташлаш сўралган. «Даъво рад этилди ВЭБ.РФ давлат тараққиёт корпорацияси ўз харажатларидан ташқари, Европа Иттифоқи кенгаши томонидан қилинган харажатларни тўлаши керак», дейилади суд қарорида.

АҚШ: ВЭБ Россия мудофаа қобилиятини сақлаб қолишда алоҳида рол ўйнайди 

Европа Иттифоқининг ВЭБга қарши санкциялари 2022 йил февралида Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг деярли дарҳол жорий қилинган. Ўшанда АҚШ Молия вазирлиги давлат корпорацияси Россия ва унинг иқтисодиёти мудофаа қобилиятини сақлашда алоҳида рол ўйнайдиган давлат органи эканлигини таъкидлаган. ВЭБ.РФ, шунингдек, давлат қарзига хизмат кўрсатган, экспортни молиялаштирган, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширган. 2022 йил март ойида Европа Иттифоқи ВЭБ.РФни халқаро банклараро SWIFT тизимидан узишга қарор қилди. Давлат корпорацияси санкциялар ва SWIFT’дан узилиш устидан Европа Иттифоқи судида эътироз билдиришга ҳаракат қилди. Бу иш бўйича суд мажлислари 2024 йил январ ойида бўлиб ўтган. 

Суд материалларидан маълум бўлишича, давлат корпорацияси унга нисбатан киритилган чеклов чораларига эътироз билдирган бўлиб, Европа Иттифоқи қарори қабул қилинганда, «эътироз қилинган қоидалар асос бўлган фактларни баҳолашда аниқ хатоларга йўл қўйилган»лигини кўрсатган. Шу муносабат билан ВЭБ.РФ санкциялар рўйхатига киритилиши ҳақидаги қарорни бекор қилишни, шунингдек, ЕИ кенгашини суд жараёни билан боғлиқ ҳолда компания кўрган харажатларни тўлашга мажбурлашни талаб қилди. 

ЕИ янги санкциялар пакетини тайёрламоқда 

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери ЕИ кенгаши 13 та санкция пакетини маъқуллади, икки мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар чекловлар остида қолди. Чеклов чоралари Европа Иттифоқи мамлакатларидаги активларни музлатиш билан боғлиқ. Жисмоний шахсларга қўшимча равишда саёҳат тақиқланади, бу эса уларнинг Европа Иттифоқига киришига ёки Европа Иттифоқи орқали транзит ўтишига тўсқинлик қилади. Ҳозирда 14-санкция пакети келишиб олинмоқда. EUobserver маълумотларига кўра, Россия ва хорижий 52 компания чекловларга дучор бўлади. Июлгача янги санкциялар бўйича келишиб олиш режалаштирилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид