Жаҳон | 11:20 / 14.06.2024
3770
3 дақиқада ўқилади

Столтенберг: НАТО аъзолари россиялик жосусларнинг ҳаракатини тўхтатиши керак

Алянс таркибига кирувчи давлатлар ҳукуматлари рус жосусларига нисбатан қаттиқроқ чоралар кўриш ниятида. Бу Москванинг душманона ҳаракатларига, жумладан диверсиялар ва киберҳужумларига жавоб бўлади, деди НАТО бош котиби.

Фото: Peter David Josek/AFP/Getty Images

НАТО аъзолари Москванинг диверсия ва киберҳужумларни ўз ичига олган душманона ҳаракатларига жавобан алянс бўйлаб россиялик жосусларга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўриш ниятида, деди 13 июн, пайшанба куни НАТО раҳбари Йенс Столтенберг. «Биз Россиядан бир нечта диверсия, ўт қўйишга уриниш, киберҳужумлар, дезинформация ҳолатларига дуч келдик», деди у журналистларга ва Шимолий Атлантика алянси мудофаа вазирлари «Россиянинг НАТО иттифоқчиларига қарши душманлик ҳаракатлари кампаниясини кўриб чиқиши»ни қўшимча қилди.

Бундан ташқари, бош котибнинг сўзларига кўра, вазирлар НАТО жавоб чоралари вариантларини, жумладан муҳим денгиз ва киберинфратузилмани ҳимоя қилиш, шунингдек, «алянс бўйлаб россиялик разведка зобитлари фаолиятига чекловларни кучайтириш»ни ҳам муҳокама қиладилар, дея Столтенберг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. 

Данияда Россия фойдасига жосусликда гумонланган аёл қўлга олинди

Дания разведкаси (PET) 11 июн куни Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган аёл қўлга олингани ҳақида маълум қилди. PET баёнотида айтилишича, ушланган шахс «хорижий разведка хизматининг Данияда фаолият юритиши учун имконият яратган бўлиши» мумкин.

Гумонланувчини сўроқдан кейин қўйиб юбориш режалаштирилган. Бироқ, иш «ҳали тергов қилинмоқда» ва PET ҳозирча қўшимча изоҳ бера олмади. Идоранинг аниқлик киритишича, қўлга олиш Европарламентга яқинда ўтказилган сайловлар билан боғлиқ эмас, балки ОАВда Россия суверен фонди ҳақидаги хабарлар билан боғлиқ. 

AFP қайд этишича, Даниянинг DR жамоат телерадиокомпанияси ва бошқа Европа ОАВ яқинда 48 мамлакатда фаолият юритувчи ва Кремлга ўз лойиҳаларини хорижда молиялаштиришда ёрдам берадиган Россиянинг «Правфонд» жамғармаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. DR келтирган ҳужжатларга кўра, «Правфонд» дезинформация лойиҳаларини молиялашда гумон қилинмоқда. 

ЕИда россиялик жосусларга қарши кураш

Германия Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (BfV) раҳбари Томас Халденванг апрел ойи охирида DW нашрига берган интервюсида айтганидек, Россия Германия манфаатларига зарар келтирувчи жосуслик ва қўпорувчилик фаолиятини «доимий» амалга оширмоқда. Халденвангнинг аниқлик киритишича, бундай фаолиятни нафақат Россия агентлари, балки «яширин ишлаётган ва Германияга бизнесмен, журналист ёки олим сифатида келган, лекин аслида Россия фойдасига жосуслик билан шуғулланаётган» кишилар ҳам амалга оширади.

Кейинроқ Financial Times (FT) Европа учта махсус агентлигининг номи ошкор этилмаган вакиллари сўзларига таяниб, Европа Иттифоқи разведкалари ўз ҳукуматларини Россия томонидан режалаштирилаётган қўпорувчилик ва терактлар таҳдиди ҳақида огоҳлантирганини хабар қилди. Россия махсус хизматларининг бу йўналишдаги фаоллиги ортиб бораётгани ҳақида тобора кўпроқ далиллар пайдо бўлмоқда, деб ёзади Financial Times бир қатор Европа давлатларининг экспертларига асосланиб. 

Мавзуга оид