Ўзбекистон | 10:39 / 16.06.2024
80783
3 дақиқада ўқилади

100 йил олдин Ўзбекистонда Қурбон ҳайити қандай нишонланган? Архив суратлар

Архивларда ўзбекистонликлар ўтган асрда Қурбон ҳайитини қандай нишонлаганига оид фотолар, жуда кам бўлса-да, сақланиб қолган. Асосий тарихий суратлар 1870- ва 1950-йилларни ўз ичига олади. Kun.uz Кинофотофоно ҳужжатлари архивидан 19-аср охири, 20-аср ўрталарида ўзбекистонликлар Қурбон ҳайитини қандай ўтказганига оид суратларни излаб кўрди.

Маълум бўлишича, Қурбон ҳайитларига доир асосан 1870-йил ёки 1954-йилларда Тошкент ва Самарқандда олинган форосуратларгина сақланиб қолган.

1898 йилда машҳур француз саёҳатчиси ва фотографи Гюго Краффт Россия империясига саёҳат қилади ва асосий вақтини Самарқандда ўтказиб, Қурбон ҳайитини ўзбекистонлик мусулмонлар қандай нишонланишини фотоларга муҳрлайди.

Самарқанд, Қурбон ҳайити намози олдидан мусулмонлар ҳовуз атрофига тўпланяпти. Самарқанд, 1898 йил. Фото: Гюго Краффт

1902 йилда нашр этилган “A travers le Turkestan russe” (“Россия Туркистони орқали”) китобидан Краффт олган 70 та расм, жумладан, фотосуратлар, гравюралар ва хариталар ўрин олган.

У Самарқанддаги кузатувлари ҳақида ёзаркан, Қурбон ҳайитидаги байрамларнинг “энг улуғвори” Самарқанддаги Намозгоҳ масжидининг гўзал боғида ўтказилишини айтади.

“Қурбон ҳайитида мусулмонлар ўзлари хоҳлаб, навбатма-навбат уйларида байрам зиёфатларини ўтказади, унга барчани таклиф қилади. Қаердан таклиф бўлса, зиёфатларга боради.

Яхши ташкил этилган зиёфат – “қурбонлик” яхшигина қимматга тушади. Чунки маросим пайтида сўйилган қўчқордан ташқари, дастурхон мўл-кўл бўлади. Камида, бир фунт (16 килограмм) буғдой кеки, тўрт фунт гуруч, бир ярим килограмм яшил чой, кўп миқдордаги ширинликлар ва конфетлар олиб олишингиз керак”, – деб ёзади у.

Қурбон ҳайити куни вафот этган кекса одамга жаноза ўқиляпти. Фото: Гюго Краффт, 1898 йил, Самарқанд

Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида эса асосан мусулмонлар Қурбон ҳайити намозини ўқиётганига оид расмларни топишингиз мумкин.

Тошкентда Қурбон ҳайити муносабати билан халқ сайиллари. Савдогарлар кўпиртирилган тухум оқини сотяпти. Тошкент, 1870 йил
Тошкентда Қурбон ҳайити муносабати билан халқ сайиллари. Мева дўкони. Тошкент 1870 йил
Самарқандлик имом Абдул-Қаюм, 1870 йил
Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида Қурбон ҳайити намози. Тошкент, 1957 йил
Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида Қурбон ҳайити намози. Тошкент, 1957 йил
Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида Қурбон ҳайити намози. Тошкент, 1957 йил
Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида Қурбон ҳайити намози. Тошкент, 1957 йил
Тошкентда Қурбон ҳайити намози, 1957 йил.

Мавзуга оид