Жаҳон | 09:30 / 18.06.2024
3143
2 дақиқада ўқилади

Мэрилендда гиёҳванд модда учун судланган 100 минг киши афв этилди

Мэриленд раҳбари марихуана сақлаш ва истеъмол қилиш билан боғлиқ майда жиноятлар учун 175 мингдан ортиқ судланганлик бўйича ҳукм олиб ташланишини эълон қилди. Бу АҚШда штат даражасидаги энг йирик афвдир.

Уэс Мур Фото: Dominick Sokotoff/Zuma Press

АҚШнинг Мэриленд штати губернатори марихуана истеъмол қилиш, шунингдек, каннабис истеъмолида фойдаланиладиган буюмларни сақлаганлик учун 175 мингдан ортиқ судланганлик ҳукми олиб ташланишини эълон қилди. Бу ҳақда 17 июн, душанба куни губернатор Уэс Мур Мэриленд штати пойтахти Аннаполисда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди ва бу АҚШ тарихидаги штат даражасидаги энг йирик афв эканлигини таъкидлади. Нутқ акс этган видеотасвирда штат раҳбарининг бу сўзлари гулдурос қарсаклар билан кутиб олинганини кўриш мумкин. 

Ушбу ҳаракат 100 000 га яқин кишидан кичик жиноятлар учун судланганлик ҳолатини олиб ташлаш имконини беради. Мэриленд штати бош прокурори Энтони Браун оммавий афвни «ирқий тенглик масаласи» деб атади. 

Мэрилендда марихуана қонунийлаштирилган

Рекреацион каннабис 2023 йилда Мэрилендда референдумдан сўнг қонунийлаштирилди, аммо марихуана сақлаш ва бошқа кичик жиноятлар учун аввалги ҳукмлар бекор қилинмади. 

«Штатда каннабисдан фойдаланиш ва унга эгалик қилиш энди ноқонуний бўлмаганлиги сабабли, мэрилендликлар уй-жой, ишга жойлашиш ёки таълим олишда тўсиқларга дуч келмасликлари керак, чунки қонунга хилоф бўлмаган хатти-ҳаракатлари учун судланганлар», - дейилади губернатор баёнотида. 

Каннабисдан рекреацион мақсадда фойдаланиш АҚШнинг 24 штатида, шунингдек, Колумбия округида қонунийдир. Федерал даражада АҚШ президенти Жо Байден 2022 йилнинг кузида марихуана сақлашда айбланган барча шахсларни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади. 

Мавзуга оид