Жаҳон | 08:09 / 18.06.2024
5011
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ уюшманинг янги раҳбарияти бўйича келиша олмаяпти

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили лавозимига Эстония бош вазири Кая Каллас, Европа кенгаши раиси лавозимига Португалия собиқ бош вазири Антонио Кошта номзоди кўриб чиқилмоқда. 

Фото: Hatim Kaghat/dpa/picture alliance

ЕИнинг Брюсселдаги саммити иштирокчилари Европа Иттифоқи янги раҳбариятини тайинлаш бўйича якуний келишувга эриша олмади. Бу ҳақда 18 июн, сешанбага ўтар кечаси Европа кенгаши раиси Шарл Мишел маълум қилди.

Dpa агентлигининг дипломатлар ўртасидаги манбаларига кўра, келишмовчилик сабабларидан бири Германия Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқи (ХСИ)ни ўз ичига олган ўнг марказчи Европа халқ партияси (ЕХП) вакиллари Европа кенгаши раиси лавозимига тайинлаш бевосита беш йил муддатга белгиланмаслигини талаб қилиши билан боғлиқ. Бу, назарий жиҳатдан, ЕХП икки ярим йил ичида ушбу лавозимга даъво қилиши мумкинлигини англатади. Бироқ социал-демократлар бу таклифга қўшилмади.

ЕХП июн ойи бошида бўлиб ўтган Европа парламенти сайловларида энг кучли сиёсий куч сифатида майдонга чиқди. Шунинг учун унинг етакчи номзоди Урсула фон дер Ляйен яна беш йил давомида ЕИ комиссияси раиси лавозимида қолиши мумкин деб ҳисобланади.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили лавозимига Эстония бош вазири Кая Каллас, Европа кенгаши раиси лавозимига ЕПдаги иккинчи йирик фракция, яъни социал-демократлар вакили, Португалия собиқ бош вазири Антонио Кошта номзоди кўриб чиқилмоқда. 

Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви келаси ҳафта охирида бўлиб ўтади. Европа Иттифоқининг энг юқори лавозимларига номзодлар яна муҳокама қилинади. 

Мавзуга оид