Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада Навалнийнинг ўлими муносабати билан янги санкциялар киритди
Канада ҳукумати россиялик мухолифат етакчисига «ёмон муносабатда бўлиш ва ўлимига алоқадор бўлган» 13 нафар юқори мартабали Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ва амалдорларига нисбатан чекловлар жорий қилди.
Канада ҳукумати мухолифатчи Алексей Навалнийнинг «ўлимига алоқадор» бўлган ўн уч нафар юқори мартабали россиялик амалдор ва тергов идоралари, қамоқхона хизмати ва полиция ходимларига қарши янги санкциялар киритди. Бу ҳақда 18 июн, сешанба куни кечки пайт Канада ҳукумати сайтида хабар берилди.
Гап 2020 йилда Навалнийнинг «Новичок» моддаси билан заҳарланиши, 2021 йилда аэропортда қўлга олиниши, ҳуқуқларини бузган ҳолда ахлоқ тузатиш колониясига ташланиши, шунингдек, «унинг ўлими сабаблари ўрганилмаганлиги ва жасадни оилага топширишнинг кечикиши» ҳақида кетмоқда, дейилади ҳужжатда.
«Коммерсант» газетасининг қайд этишича, Канада Ташқи ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ махсус чоралар тўғрисидаги низомда 111 кишини санаб ўтган. Эълон қилинган сўнгги 13 исм орасида Федерал жазони ижро этиш хизматининг тўрт нафар вакили, уч прокурор, уч судя, икки терговчи ва Навалний қамоққа олинган ахлоқ тузатиш колонияси раҳбари бор. Ушбу шахсларнинг баъзилари 2023 йилда Канада санкцияларига дучор бўлишган, дея аниқлик киритади нашр.
Санкциялар уруш ва инсон ҳуқуқлари мавзуларини қамраб олади
«Россия билан боғлиқ санкциялар Россия томонидан Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини жиддий бузиш, шунингдек, Россияда содир этилган инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига жавобан «Иқтисодий махсус чоралар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ жорий этилди», — дейилади Канада ҳукумати ҳужжатида.
Унинг қоидалари активларни музлатиш ва санкцияланган шахслар учун операцияларни тақиқлашни ўз ичига олади, хусусан, ҳар қандай мулк билан операцияларни амалга ошириш, бундай операциялар билан боғлиқ молиявий ёки бошқа тегишли хизматларни кўрсатиш, ҳар қандай товарларни тақдим этиш ман этилади.
Европа Иттифоқи Навалнийнинг ўлими туфайли санкцияларни маъқуллади
22 март куни Европа Иттифоқи кенгаши Алексей Навалнийнинг ҳибсдаги ўлими сабабли янги санкцияларни маъқуллади. Улар 33 нафар жисмоний ва икки юридик шахсга нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жорий қилинган. Эндиликда айбланувчиларга Европа Иттифоқига кириш тақиқланган ва уларнинг Европа Иттифоқидаги активлари музлатиб қўйилади.
«Алексей Навалнийнинг Кремл режими томонидан аста-секин ўлдирилиши унинг инсон ҳаётига тўлиқ эътибор бермаслигини яққол эслатиб туради», деди Европа Иттифоқи олий вакили Жозеп Боррел. У Европа Иттифоқи Россия Федерациясида фуқаролик жамияти ва мустақил овозларни қўллаб-қувватлашда давом этишини қўшимча қилди
Санкция чоралари колониянинг кўплаб ходимлари ва турли йилларда Навалнийнинг ишлари бўйича қарор қабул қилган Москва Басманний судининг икки судяси, шунингдек, Навалнийни 19 йилга махсус режимли колонияга ҳукм қилган судяни ўз ичига олган. Ўз баёнотида Европа Иттифоқи кенгаши Россия расмийларини мамлакат қамоқхоналаридаги барча сиёсий маҳбусларни зудлик билан озод қилишга чақирди.
Навалнийнинг ўлими
Ямал-Ненец автоном округи бўйича жазони ижро этиш хизмати 16 феврал куни тушдан кейин Алексей Навалний Харпдаги колонияда вафот этгани ҳақида хабар берди. Унинг ўлими ҳақидаги хулосада айтилишича, сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этган.
Мавзуга оид
07:43 / 13.06.2026
Канада ЖЧ тарихидаги илк очкосини қўлга киритди
16:40 / 12.06.2026
Мундиал таништируви. B гуруҳи ҳақида нималарни билиш керак?
14:14 / 12.06.2026
Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
22:32 / 09.06.2026