Ўзбекистон | 07:54 / 22.06.2024
2740
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2023 йилда туристик хизматлар экспорти 2 млрд доллардан ошди

Ўзбекистонга 2023 йилда келган хорижий туристларнинг 80,7 фоизи қўшни давлатлар, 11,5 фоизи қолган МДҲ давлатлари ҳамда 7,8 фоизи бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келмоқда.

Фото: Дунё

Иорданиянинг оммабоп Ammon News газетаси сайтида "Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланиши халқ фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

"Ўзбекистонга хорижий туристларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида виза режимини соддалаштириш чора-тадбирлари, янги йўналишларни ишлаб чиқиш, соҳа билан боғлиқ лойиҳаларга инвестиция киритиш, йирик тадбирларни ўтказиш каби амалий ишлар олиб борилмоқда", — деб қайд этилган мақолада.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистонга 2023 йилда келган хорижий туристларнинг 80,7 фоизи қўшни давлатлар, 11,5 фоизи қолган МДҲ давлатлари ҳамда 7,8 фоизи бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, туристларнинг ўртача қолиши 4-5 кунни ташкил этиб, 2022 йилга (3 кун) нисбатан 1,5 бараварга ортди. Бу эса мамлакатда туристларга ҳар томонлама қулайлик яратилганлигининг натижасидир.

Маълум қилинганидек, 2023 йилда туристик хизматлар экспорти 2 миллиард 143,5 миллион долларни ташкил этди, шунингдек, туризм ва унга ёндош соҳалар йўналишида 70 минг нафарга яқин янги иш ўрни яратилди.

Мавзуга оид