Ўзбекистон | 22:10 / 24.06.2024
6987
5 дақиқада ўқилади

24 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Мўғулистон президентнинг ташрифи, Ўзбекистонга дам олишга келган терактдан жабр чеккан россиялик болалар, Ўзбекистонга хорижлик туристлар оқими ошди. 

Мўғулистон президентининг ташрифи

23 июн куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух бугун Кўксарой қароргоҳида расмий кутиб олинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Етакчилар Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади.

Давлат ташрифи давомида жами 14 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари икки мамлакат ишбилармонлари билан ҳам учрашув ўтказди. Тез фурсатда Мўғулистон ва Ўзбекистонда савдо уйларини очиш ва икки мамлакат пойтахтларида саноат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ва бозорларга киришни енгиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашга келишиб олинди. 

Россиялик жабрдийда болалар Ўзбекистонда

Ўзбекистон “Крокус Сити”даги террорчилик актидан жабрланган оилаларнинг болаларини қабул қилди

Россиядан келган болалар таътилни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўтказадилар. Уларга ташкилотчилар томонидан спорт кийимлари ва зарур техник жиҳозлари совға тариқасида улашилди.

Россиялик болаларнинг 14 кунлик таътил пайтида яхши дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, улар турли спорт турнирларида, маҳорат дарсларида қатнашадилар, бу ерда уларга таниқли спорт усталари дарс беради. Расм чизиш, рақс, театр маҳорати, мусиқа, компютер синфи, шунингдек кутубхона болалар ихтиёрида бўлади.

Болаларнинг мазмунли ҳордиқ олиши кун тартибидан сув спортлари фестивали, қизиқарли квестлар, комик эстафеталар, хорижий, маҳаллий филмлар ва спектакллар намойишлари, шунингдек, видео-танлов ўтказиш ўрин олган.

Қайд этиб ўтиш керак, “Анор” оромгоҳида аввалги йилда украиналик болалар ҳам ҳордиқ чиқарган эди. 

Зоминда халқаро фестивал

27-30 июн кунлари Жиззахнинг Зомин туманида UNESCO ва ICESCO шафелиги остида “II Халқаро мақом санъати анжумани” ўтказилади. Иккинчи маротаба ўтказилаётган анжуманда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашади.

Маданият вазирлиги ахборот хизматига кўра, Халқаро хайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинациялари бўйича баҳоланади. Ғолиблари диплом, статуетка ва пул мукофотлари билан тақдирланади.

Маълумот учун, Халқаро мақом санъати анжумани биринчи маротаба 2018 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган эди.

Мавзуга оид яна бир хабар: Зомин аэропортига Uzbekistan Airways авиакомпанияси Airbus A320 самолётида илк синов парвозини амалга оширди. Транспорт вазирлиги хабарига кўра, тез орада аэропортга ўрта магистрал самолётлар мунтазам парвоз қилишни бошлайди. 

Жанубий Кореядан олтита тезюрар поезд келтирилади

Корея Республикаси президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида "Ўзбекистон темирйўллари" акциядорлик жамияти ва Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси ўртасида 250 км/соат тезликка мўлжалланган олтита тезюрар поездни етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоланган.

Полшанинг Kurier Kolejowy журналида таъкидланишича, Ўзбекистон учун мўлжалланган тезюрар поезд KTX-Eum поездининг ўхшаши бўлиб, у ўз навбатида 430 км/соат тезликда ҳаракатланиш учун мўлжалланган HEMU-430X тезюрар поезди негизида яратилган. Ҳар бири етти вагонли поезд 389 ўринга эга бўлади ва VIP, бизнес ва эконом классларни, шунингдек, овқатланиш вагонини ўз ичига олади.

Ўзбекистонга тақдим этилаётган тезюрар поезд "Жалолиддин Мангуберди" деб номланади. Ушбу тезюрар поезд ишга тушгач, Тошкентдан Хивагача бўлган масофа етти соатда босиб ўтилиши кутилмоқда. 

Ўзбекистонга туристлар оқими ошмоқда

2024 йилнинг январ-май ойларида 2,8 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари туристик мақсадда Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 248,2 минг нафарга ёки 9,6 фоизга ошган.

2024 йилнинг 5 ойида Ўзбекистонга туристик мақсадларда келган чет эл фуқароларининг мамлакатлар кесимида сони бўйича Тожикистон етакчилик қилмоқда – 871,5 минг нафар.

Ундан сўнг яқин қўшниларимиз Қирғизистон – 857 минг нафар, Қозоғистон – 498,2 минг нафар, Россия – 289,6 минг нафар, Туркманистон – 53,8 минг нафар турибди.

Узоқ хориж давлатларидан Туркия – 42,1 минг нафар, Ҳиндистон – 23,2 минг нафар, Хитой – 22,8 минг нафар, Италия – 15,3 минг нафар, Жанубий Корея – 15,1 минг нафар турист билан кучли ўнликдан ўрин олган.

Қолган бошқа барча давлатлардан жами 148,7 минг нафар сайёҳ Ўзбекистонга келган.

Мавзуга оид