Ўзбекистон | 21:10 / 26.06.2024
5631
5 дақиқада ўқилади

26 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Олийгоҳларга якунланган қабул, Самарқанддаги туманларга тасдиқланган янги ҳокимлар, паррандачилик корхоналари учун имтиёзлар — 26 июн куни Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Қабул якунланди

Олий таълим муассасаларида жорий йилги қабул якунланди: 894 мингдан ортиқ абитуриент ўқишга ҳужжат топширди. Бу олдинги йиллардагидан сезиларли кам.

Ўқишга ҳужжат топшириш бўйича одатий тарзда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари етакчилик қилган

Жорий йилда умумтаълим мактабларини битирган 410 минг 334 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, аввалги йиллардаги битирувчилар 483 минг 945 нафарни ташкил этган.

Абитуриентларнинг 784 минг 458 нафари ўзбек тилида имтиҳон топширади.

Маълумот учун: 2023-24 ўқув йили учун 1 млн 18 минг, 2022-23 ўқув йили учун 1 млн 214 минг талабгор ўқишга ҳужжат топширган эди. 

Самарқанднинг икки туманида ҳоким алмашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, 1985 йилда туғилган Шербек Бўронов Нарпай тумани туман ҳокими этиб тасдиқланди.

Паст Дарғом туманида эса 2023 йилда ҳокимлик лавозимига тайинланган Ваҳоб Муротқобилов лавозимдан озод этилди. Бунгача Нарпай ҳокими лавозимида ишлаган Шерзод Раҳмонов Паст Дарғом туманини бошқарадиган бўлди. Шерзод Раҳмонов 1991 йилда Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган. 

Паррандачилик корхоналари учун имтиёз

Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда чорвачиликни ривожлантиришга доир таклифлар берилди.

Жаҳон бозорида парранда генетикасининг 80 фоизи АҚШ компаниясига тўғри келади. Шу боис улар билан ҳамкорликда паррандачиликда генетик технологияларни жорий қилиш ва наслчилик хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, паррандачиликда кластер тизимини жорий этиш, тайёр бизнес лойиҳалар қилиб, тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятлар белгиланди. Унга кўра, паррандачилик корхоналари 5 йилга ер солиғидан озод қилинади. Парранда гўшти экспортига рухсат берилади. Тадбиркорларга берилган 35 миллион доллар арзон ресурсни қайтариш муддати 3 йилга узайтирилади. 

Хитой — Ўзбекистон импортида энг юқори улуш эгаси

Статистика агентлиги Ўзбекистон импортидаги топ-10 давлатлар тўғрисида маълумот берди.

2024 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон импортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар орасида Хитой биринчи ўринни эгаллади. Ушбу давлатдан 4,2 млрд долларлик маҳсулотлар сотиб олинган.

Кейинги ўринлардан 3,4 млрд долларлик маҳсулот олиб келинган Россия ва 1,1 млрд долларлик товарлар харид қилинган Қозоғистон жой олди.

Кейинги ўринларда Жанубий Корея, Туркия, Туркманистон, Германия, Ҳиндистон, АҚШ ва Литва эгаллаган. 

Самарқанддаги саломатлик фанлари олий мактаби

Самарқанд шаҳрида Абу Али Ибн Сино ва Ҳайнрих Шиппергес номидаги Ўзбекистон-Германия қўшма халқаро саломатлик фанлари олий мактаби нодавлат таълим ва илмий методик муассасасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Олий мактаб мамлакатнинг Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази томонидан Германиянинг Людвигсбург амалий фанлар университети ва Ҳаймерер профессионал академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Таълим муассасасининг асосий мақсади соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали тиббиёт ходимлари ва бошқарув кадрларини тайёрлашдан иборат. Тиббиётга ихтисослашган муассаса ўзбек ва немис тиббиёт таълимининг ўзида мужассам этган илғор анъаналари, стандартлари ва амалиётларини жорий этиб боради.

Саломатлик олий мактаби кўп босқичли таълим дастурини таклиф этади. Немис тили бўйича тўққиз ойлик ихтисослаштирилган тайёргарлик босқичи ва унда талабалар келажакдаги касбий таълим ва халқаро муҳитда ишлаш учун зарур бўлган немис тилини етарли даражада ўзлаштиради.

Шунингдек, уч йиллик касбий таълим курси ўтилади. Ушбу босқичда талабалар турли тиббиёт муассасаларида ишлаш учун зарур бўлган мутахаcсислик бўйича асосий ва махсус билимларни олади. 

Давлат харидларидаги қонунбузарликлар

Жиззах вилояти Спорт бош бошқармаси тизимидаги ташкилотлар 20 та ҳолатда умумий қиймати 3 млрд 699,5 млн сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талабларини бузган. Улар баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилмаган танловлар ўтказган, деб хабар беради Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, давлат харидлари танловларининг барчасида иштирокчиларга қўйилаётган малака талабларини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилмагани натижасида харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчиларга асослантирилмаган баҳолар қўйилган ва харид ҳужжатларига мувофиқ таклифларни баҳолаш талаблари бузилишига йўл қўйилган. 

Мавзуга оид