Жаҳон | 12:50 / 26.06.2024
3625
2 дақиқада ўқилади

Сеул: КХДРнинг гипертовушли ракета синови муваффақиятсиз якунланди

Жанубий Корея ҳарбий қўмондонлиги маълум қилишича, ракета Пхенян яқинидаги ҳудуддан учирилиб, тахминан 250 километр учиб ўтган ва Япон денгизига қулаган.

Фото: KCNA/AFP

Шимолий Корея Япон денгизи томон гипертовушли ракетани муваффақиятсиз учирди. Пхенян яқинидаги ҳудуддан учирилган ракета 250 километрга яқин учиб ўтиб, сувга қулаган, деб хабар берди 26 июн, чоршанба куни AFP Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси (ШББҚ) вакилига таяниб.

Учириш фактини Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати ҳам тасдиқлади ва Япон денгизидаги кемалардан агар аниқланса, ракета қолдиқларига яқинлашмасликни талаб қилди. 

КХДР 30 май куни ушбу муваффақиятсиз синовдан олдин охирги ракета синовини ўтказди. Ўшанда Сеул Пхенян 10 га яқин қисқа масофали баллистик ракета учиргани ҳақида хабар берган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шимолий Корея артиллерия ва қанотли ракеталар ишлаб чиқаришни кўпайтирган, шунингдек, Украинада фойдаланиш учун Россияга ўқ-дориларни юборишдан олдин уларнинг синовларини оширган. 

КХДР Жанубий Кореяга чиқинди шарларини учиришда давом этмоқда 

Гипертовушли ракета синови КХДР томонидан Жанубий Корея томон яна чиқинди шарлари учирилиши ортидан ўтказилди. Шимолий Корея ҳаво шарларининг сўнгги партиясидаги «учар жисмлардан» бири самолётга чиқиш яқинига қўнгач, Инчеон халқаро аэропорти иши бир неча соат давомида тўхтаб қолди. 

Пхенян аллақачон Жанубий Кореяга чиқинди билан тўлдирилган мингдан ортиқ шар учирди. КХДР расмийлари жанубий қўшнисига «самимий совғалар» чегара ҳудудларида Ким Чен Ин режимини танқид қилувчи «тарғибот материаллари тарқатилишига жавоб» эканини билдирди. 

Мавзуга оид