Тошкентда “Орзу” хайрия кўргазмаси давом этмоқда
Кўргазмада кўзи ожиз болалар таассуротлари асосида яратилган асарлар намойиш этилмоқда. Уларни сотишдан тушган маблағлар болаларнинг кўриш қобилиятини тиклаш учун операцияларига йўналтирилади.
Тошкент шаҳридаги Фотосуратлар уйида “Орзу” хайрия кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазмага қўйилган суратлар кўзи ожиз болалар тасаввур олами ҳамда сунъий идрок уйғунлашуви асосида ишланган бўлиб, бу турдаги картиналар намойиши Ўзбекистонда илк марта ташкил этилди.
Кўргазмага 16 нафар боланинг тасаввур олами асосида яратилган 20 дона сурат қўйилган. Картиналар бугун, 29 июн куни соат 19:00 да ўтказиладиган аукционда сотилади.
Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими Маҳлиё Шукурова суратларнинг бошланғич нархлари 8 миллион сўмдан бошланишини қайд этди. Aукционда сотилган ижодий ишлардан тушган маблағлар кўзи ожиз болаларнинг кўриш қобилиятини тиклаш учун мўлжалланган операцияларга йўналтирилади.
Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича, лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичида ҳудудлардан кўришда нуқсони бор турли ёшдаги болалар танлаб олинган. Улар ўзларининг хоҳиши ва ота-оналарининг розилиги асосида танланган. Болалар билан психологлар, шифокорлар ҳамда журналистлар иштирокида суҳбат ўтказилиб, респондентларнинг дунёқараши, хаёлоти, орзулари ўрганилган.
“Мутахассислар жамоаси болалар ва ўсмирларнинг тасаввур олами борасидаги факт ва элементларни жамлаб, матн ҳолига келтиришди. Тўпланган маълумотлар сунъий идрокка киритилди ва у болаларнинг ботиний дунёси аксини виртуал тасвирларга айлантириб берди. Шундан сўнг сунъий идрок яратган суратлар рассомлар томонидан рангтасвир кўринишига келтирилди”, — дейди асосий ғоя муаллифларидан бири Ҳикматилло Убайдуллаев.
Суратларни ишлашда ChatGPT, Dall-E, Midjourney, Леонардо АИ каби сунъий идрок имкониятларидан фойдаланилган.
“Сунъий идрок кучи ва инсон ижодкорлиги симбиози асосида ташкил этиладиган кўргазмаларни давомли қилиш ниятимиз. Лойиҳанинг кейинги босқичларини халқаро миқёсда ҳам ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, кўзи ожиз болалар тасаввур оламини 3D технологиялар ва VR(виртуал реаллик) имкониятларидан фойдаланган ҳолда инсонларга таништириш ниятимиз бор”, – дейди Ҳикматилло Убайдуллаев.
Кўргазма 30 июн 17:00 гача давом этади.
Маълумот учун, Payme, Click ва Payze тўлов хизматлари орқали ҳам лойиҳа учун маблағ хайрия қилиш имконияти йўлга қўйилган.
Мавзуга оид
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024
Тошкентнинг иккита кўчасида ҳаракат 19 кунга чекланади
17:26 / 21.11.2024
Тошкентда иситиш қувурида авария юз берди
15:44 / 21.11.2024