Ўзбекистон | 13:07 / 08.07.2024
4869
2 дақиқада ўқилади

Yandex Uzbekistan Тошкентда офис очади

Тошкентдаги офис Ўзбекистонда Yandex Go шаҳар хизматлари, таълим сервислари ва бошқа йўналишларда фаолият юритади, ўзбекистонлик дастурчилар учун IT-амалиёт дастури йўлга қўйилади.

Yandex'нинг Москвадаги бош офиси / Фото: Kun.uz

Yandex Uzbekistan мамлакатдаги бизнесини ривожлантириш мақсадида шу йил кузда Тошкентда офис очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

“Офис очилиши жамоани кенгайтириш, янги хизматларни тезроқ ишга тушириш ва мамлакатда фаолият юритаётган хизматларни кенгайтиришга имкон беради. Компания, шунингдек, ўзбекистонлик дастурчилар учун IT-амалиёт дастурини ишга туширишни режалаштирмоқда”, – дейилади расмий релизда.

Таъкидланишича, Тошкентдаги офис Ўзбекистонда Yandex Go шаҳар хизматларини, таълимий, кўнгилочар ва бошқа хизматларни ривожлантирувчи ходимларни бирлаштиради.

Офис очилгандан сўнг Yandex ёш IT-мутахассисларни тайёрлаш учун амалиёт дастурларига қабул қилишни бошлайди.

“Амалиётларнинг бошланиши – бу Yandex компаниясининг IT-таълим дастурининг бир қисми бўлиб, лойиҳа доирасида компания қўшимча равишда Ўзбекистонда юқори синф ўқувчилари учун янги Дастурлаш мактабларини очади, информатика ўқитувчилари учун дастурлаш бўйича малака ошириш курсларини ишга туширади ва уларга Python бўйича методик материаллардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Yandex компанияси, шунингдек, қизларни IT-тадбиркорлик соҳасида ривожлантиришга қаратилган Technovation Girls менторлик дастурини қўллаб-қувватлайди ва спорт дастурлаш бўйича интенсив тренинглар ўтказади”, – дея маълум қилди компания.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид