Англияда кутилмаган қаҳрамон. Саутгейт жамоаси ниҳоят томошабоп ўйнай бошлади
Инглизлар яна сўнгги дақиқаларда ҳал қилишди.

Фото: Reuters
11 июлга ўтар кечаси Европа чемпионатида иккинчи финалчини аниқлаб берадиган ўйин бўлиб ўтди.
Евро-2024. Яримфинал
Нидерландия — Англия 1:2
Голлар: Симонс (7) — Кейн (18, пеналти), Уоткинс (90).
Нидерландия – Вербрюгген, Думфрис (Зиркзе, 90+3), де Врей, ван Дейк, Аке, Сҳаутен, Рейндерс, Симонс (Бробби, 90+3), Мален (Вегорст, 46), Гакпо, Депай (Верман, 35).
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Триппиер (Шоу, 46), Райс, Фоден (Палмер, 80), Беллингҳэм, Майну (Галлаҳер, 90+3), Сака (Конса, 90+3), Кейн (Уоткинс, 81).
Огоҳлантиришлар: Думфрис (17), Беллингҳэм (72), Сака (86), ван Дейк (87), Симонс (90+1), Триппиер (90+5).
Евро-2024 яримфиналига етиб келган жуфтликлар бир-бирига ўхшаш эди — ёрқин ҳужумкор жамоалар бўлган Испания ва Нидерландия прагматик ва ёпиқ ўйин кўрсатадиган Франция ҳамда Англияга қарши. Бу қарама-қаршиликни футболнинг антифутбол билан тўқнашуви деб атаганлар ҳам бўлди.
Биринчи жуфтликда мухлисларга ёққан жамоа устун келди — Испания ва ушбу авлод рамзи бўлган Ламин Ямал Мбаппе ва Гризманнинг академик футбол кўрсатувчи Франциясини мағлуб этди. Энди иккинчи жуфтликка навбат келди. Агар испанлар ва французлар нисбатан тенг рақиблар деб кўрилган бўлса, Нидерландия ва Англия тўқнашувида фаворит маълум эди. Гарет Саутгейт жамоаси ҳаддан ташқари зерикарли ўйини билан мухлисларнинг танқидларига сабаб бўлган бўлса-да, барибир рақибидан кўра кучлироқ таркибга ва барқарор ўйин услубига эга эди.
Роналд Куман кучли рақибга мослашишга ҳаракат қилмади — «алдамчи» тўққизлик ролидаги Депай билан 4-2-3-1 схемаси сақланиб қолди. Туркияа қарши ўйиндаги билан солиштирганда ягона ўзгариш — ҳужумнинг ўнг қанотида турнирни ўта муваффақиятсиз ўтказган Стивен Бергвейн ўрнига Дониэлл Мален тушиши бўлди.
Саутгейт турнир давомида уч марказий ҳимоячи схемаси билан ўйнашга ўтди. Инглизлар чоракфиналда Швейцария билан шундай схемада ҳаракат қилганди, бу сафар ҳам футболчилар 3-4-2-1 шаклида жойлашди. Дисквалификацияни ўтаб қайтган Геҳи Уокер ва Стоунс билан ҳимоя учлигини ташкил этди.
Ўйин стартидаёқ Хави Симонс инглизларнинг режасини ўзгартириб юборди. Ёш ҳавбек жаҳоннинг энг яхши таянч яримҳимоячиларидан бири Деклан Райсдан тўпни олиб қўйиб, ўйлашга ортиқча вақт сарфламасдан жарима майдони ташқарисидан йўлланган кучли зарба билан дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди.
Бундай тарсакидан кейин Англия тўлиқ куч билан олдинга ташланди. Нидерландлар том маънода майдоннинг ўз дарвозаси томонидаги қисмига қамалиб олди. Фақат бу сафар инглизлар тўпни шунчаки орқароқда бир-бирига узатиб вақт ўтказмасдан, хавфли комбинациялар уюштиришди. Аввалига Кейн узоқ масофадан Вербрюггеннинг ҳушёрлигини текшириб кўрди. Кейин эса баҳсли эпизод юзага келди — Сака дриблинг ишлатиб, жарима майдонига кириб борди, аммо унинг узатмаси ҳимоячилардан қайтди. Тўп Кейн томонга келди, у эса тўпга ҳаводалигидаёқ зарба берди, аммо тўп хато кетди, футболчининг ўзи газонга йиқилди. VAR бош ҳакамни Феликс Цвайер мониторга чорлади ва у видеотакрордан кейин нуқтани кўрсатди — инглизлар ҳужумчиси зарба бераётганида Дюмфрис унинг оёғига тепганди.
Ҳарри имкониятдан унумли фойдаланди — 1:1, Англия жавоб қайтариши учун 10 дақиқа етарли бўлди.
Саутгейт жамоаси шундан кейин ҳам босим қилишда давом этди. Фоденда яхши имконият бўлди, у жарима майдонида пасни қабул қилиб олиб, дриблинг ишлатган ҳолда тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ҳам ўтказди. Аммо шу паллада Дюмфрис айбини ювиб, тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди.
Кўп ўтмай Филда яна икки имконият пайдо бўлди, унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаларидан кейин дастлаб тўп устунга тегди, кейингисида — Вербрюгген қутқарди. Бу инглизларнинг Евродаги энг кучли бўлими бўлди.
Гол ўтказиб юборганидан кейин нидерландларнинг кайфияти тушиб кетди ва жамоа янада орқароқда жойлашиб, жарима майдонига қамалиб олди. Бунга Депай жароҳат олиб, алмаштирилгани ҳам сабаб бўлди — унинг ўрнига Вермерен тушиши футболчиларнинг дастлабки позицияларини ўзгартириб юборди ва бу жамоага салбий таъсир кўрсатди. Тўқсариқранг либосдаги футболчилар тўпга эга бўлиб турганида нима қилишни билмаётгандек кўринарди. Танаффусга қадар вақт ичидаги ягона хавфли вазият — яна Дюмфрис ижросида рўй берди, бурчак зарбаси ижро этилганида у рақиб жарима майдони ичида барчадан баланд сакраб бош билан зарба йўллади, аммо тўп тўсинга тегди.
Куман кеч бўлмасидан нимадир қилиш кераклигини тушуниб турарди ва иккинчи бўлимда Мален ўрнига ўз жокери — икки метр бўйга эга форвард Ваут Вегҳорстни туширди. Саутгейт эса чап қанотда мослаша олмаётган ўнг қанот ҳимоячиси Триппиер ўрнига жароҳатдан тузалиб сафга қайтган, таркибдаги ягона чап қанот ҳимоячиси Шоуни майдонга ташлади. Аммо бу ўзгаришлар ўйин картинасига жиддий таъсир кўрсатмади. Иккинчи бўлимда икки жамоа ҳам ҳисобга қараб ўйнай бошлади. Англияликлар ўйиннинг кўпроқ вақтида тўпга эгалик қилишда давом этди, аммо кескинлик юзага келтиришга шошилмади, нидерландлар эса қарши ҳужумлардан омадини излашга ҳаракат қилди. Уларда фақат битта супервазият юзага келди — Верман жарима нуқтасидан ван Дейкга ажойиб пас берди, аммо Пикфорд ўзини кўрсатди.
81-дақиқада Англия яна бир бор дарвозани ишғол этди — аммо Сака голни нишонлашга улгурмасидан ҳакамлар унга пас берган Уокер офсайдда бўлганини қайд этишди.
Ундан бироз олдинроқ эса Саутгейт ўз танқидчиларининг овозини ўчирадиган ишни амалга оширганди. У охирги ўн дақиқаликда вазиятни ҳал қилиш учун икки футболчини майдонга туширди — Фоден ўрнига тушган Коул Палмер Кейнни алмаштирган Олли Уоткинсни голли пас билан таъминлади. Турнир бошланганидан буён фақат Данияга қарши ўйин охирида ҳаракат қилган «Астон Вилла» форварди биринчи вазиятиданоқ ғалаба голини урди. Инглизлар яна ўйин охирида керакли натижага эришди.
Нидерландларда эса вазиятни ўнглаш учун шунчаки вақт қолмаганди. Англия катта қийинчиликсиз қолган дақиқаларда натижани ушлаб қолди. Жамоа муносиб ўйин билан қаторасига иккинчи бор Евро финалига чиқди.
Уч йил муқаддам Лондондаги ўйинда Италиядан пеналтилар сериясида мағлубиятга учралганди. Британия оролларидаги мухлислар ниҳоят йирик турнирдаги ғалабани кутишмоқда, аммо Пириней яримороли вакиллари бунга осонликча рози бўлмайди. Турнир ғолиблиги учун Испанияга қарши ҳал қилувчи ўйин 14 июл куни Берлинда бўлиб ўтади.
Нидерландия устидан ғалабадан кейин эса Уоткинс «олдиндан кўриш» қобилияти ҳам борлиги ҳақида айтиб берди: «Ўз фарзандларим ҳаёти билан қасам ичаман, мен бугун Палмерга биз захирадан тушишимиз ва у менга голли пас беришини айтгандим. Ва бу рўй берди!»
Тавсия этамиз
ЖЧ-2026 саралаши: Эронга қарши ўйин олдидан
Спорт | 15:16
Киевга яна зарба берилди. Қурбонлар бор
Жаҳон | 13:57 / 23.03.2025
Янги “иномарка”лар савдоси 2 баробардан кўпроққа камайиб кетди
Иқтисодиёт | 10:04 / 23.03.2025
Яна учта муҳим ўйин. Ўзбекистонга мундиалга чиқиш учун қандай натижалар керак?
Спорт | 17:29 / 22.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Кўзга оҳак ёки ёт жисм кирганда нима қилиш керак? Мутахассис жавоб берди
Жамият | 16:55
-
Хавер Милей холокостдан кейин Аргентинадан бошпана топган нацистларга оид ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни буюрди
Жаҳон | 16:53
-
Тез юришга рағбат ёхуд яна 10 km/h «погрешность» ҳақида
Ўзбекистон | 16:46
-
Тошкентнинг айрим ҳудудларида иссиқ сув таъминоти вақтинча ўчирилади
Жамият | 16:42
Мавзуга оид

10:03
ЖЧ-2026 саралаши. Англияда йирик ғалаба, янгиланган Литвадан ажойиб камбэк ва бошқа натижалар

21:05 / 26.07.2024
Уларга бозорда талаб юқори. Евро-2024’да нархи ошган 10 футболчи

10:45 / 25.07.2024
«Евро-2024» футбол мусобақалари ёзувидан рухсатсиз фойдаланган шахс жаримага тортилди

11:42 / 21.07.2024