Жамият | 15:36 / 16.07.2024
11320
3 дақиқада ўқилади

70 йиллик “стаж”га эга пичоқчи

Абдумуталиб ота Кенжаевнинг Марғилон деҳқон бозори қаршисида пичоқ дўкони бор. 80 ёшли нуроний 10 ёшидан буён пичоқчилик билан шуғулланади. Унинг ота-боболари асли чустлик машҳур пичоқчилар бўлиб, қатағон даврида Марғилонга келиб қолган.

Марғилонда Абдумуталиб ота Кенжаевни танимайдиган одам кам: пичоқчи ота деса ҳамма билади. Марғилон деҳқон бозор қаршисида кичик дўкони бор. 80 ёшли қаршилаган отахон ҳамон эл хизматида.

Пичоқчи ота чустлик ота-боболари, кунлик фаолияти ҳақида сўзлаб берди:

“Ўтмишда бошимиздан кўп мусибатлар ўтган. Қатағон даврида бобомиз Чустдан Марғилонга келиб қолган. Чустдаги анъаналарни Марғилонда ҳам давом эттиряпмиз. Бу ерда пичоқчиликни йўлга қўйдик. 10 ёшимдан устахонага чиққанман.

Ҳозир кўпроқ пичоқ чархлаш, турли асбоб-анжомлар, қассобларга пичоқ ясаш билан машғулмиз. 70 йилдирки халқ хизматидамиз.

Тенгдошларим пенсияга чиққан, деярли барчаси уйида ўтиришади, мен эса доим ҳаракатдаман, тонг саҳардан дўконга келаман. Кўпчилик ҳали ҳам ишлаётганимни кўриб, дам олмайсанми, дейди, доимий ҳаракатда бўлишга интиламан. Худога шукр, шу сабаб соғлом юрибмиз”, дейди отахон.

Пичоқчи асосан қассоблар, ошпазлар пичоғи, косиб, ҳунармандларнинг турли асбоб-анжомларини ясаб беради, қўлимдан келмайди деган нарсаси йўқ. Унинг ёнига келган одам борки, норози бўлиб кетмаган.

“Бу ҳунарни ўғилларим, невараларга ҳам ўргатганман. Кимки ота-бобосининг ишини давом эттирса, одамлар йўқлаб келади. Олдимга фалончи устанинг ўғлимисан деб сўраб келишади. Фарзандларимга шуни айтаманки, вақт келиб мени ҳам сўраб келишса, бахтиёр бўламан.

5 қиз, 1 ўғлим, 20 невара, 30 чеварам бор. Меҳнат қилган одам кам бўлмайди, соғлом юради. Ҳар куни бомдоддан кейин устахонага келаман, соғломмиз, мана. Савдони қилиб, уйга қайтишда бозорга кириб невараларга у-бу нарса олиб, мева-чева қилиб бораман.

Бу ердаги ҳамма танийди мени. Узоқдан ҳам келишади, Қирғизистондан келадиганлар ҳам бор. Ўзимнинг доимий мижозларим кўп, атай менга олиб келишади ниманидир чархлаш учун”, дея таъкидлайди ҳунарманд.

Абдумуталиб ота Кенжаевнинг қўшимча қилишича, ҳозирги пичоқлар темир листдан ясаляпти экан. Авваллари эса улар қаттиқ материалдан ясалган. Уста ўзим ясаган қассоблик пичоқларни 100 мингдан 300 минг сўмгача сотар экан.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид