Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Касперский лабораторияси» АҚШ бозорини тарк этади
Россия компанияси кетиш қарорини АҚШ томонидан унга қарши жорий қилинган санкциялар билан изоҳлади. «Касперский лабораторияси» ҳозирда Қўшма Штатларда бизнес юритиш учун ҳеч қандай истиқбол кўрмаяпти, дейилади компания баёнотида.
Россиянинг кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимларини ишлаб чиқишга ихтисослашган «Касперский лабораторияси» 20 июлдан бошлаб унга нисбатан жорий этилган санкциялар туфайли АҚШдаги фаолиятини босқичма-босқич тўхтата бошлашини маълум қилди, дея хабар бермоқда рус ОАВ компания баёнотига таяниб.
«Компания АҚШ меъёрий талабларининг оқибатларини синчиклаб кўриб чиқди ва баҳолади ҳамда Америка Қўшма Штатларидаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қайғули ва қийин қарор қабул қилди, чунки у ҳозирда бу мамлакатда бизнес юритиш учун ҳеч қандай истиқбол кўрмаяпти», — дейилади ҳужжатда.
Баёнотда айтилишича, Америка бозорини тарк этиш қарори «АҚШ Савдо вазирлигининг «Касперский лабораторияси» маҳсулотларини ушбу бозорда сотиш ва тарқатишни тақиқловчи резолюцияси натижасида» қабул қилинган. Компания Америка Қўшма Штатларида деярли 20 йил давомида «ташкилотлар ва фойдаланувчиларни кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиб» ишлаётганини эслатди.
АҚШнинг «Касперский лабораторияси»га қарши санкциялари
Июн ойида Оқ уй томонидан киритилган санкциялар «Касперский лабораторияси» дастурий таъминотини Қўшма Штатларда қўллашни тақиқлади. 20 июлдан бошлаб «Касперский лабораторияси»га ушбу мамлакатда янги шартномалар тузиш, 29 сентябрдан эса мавжуд мижозларга ўз дастурларига янгиланишлар тақдим этиш тақиқланади.
АҚШ ҳукумати бир неча бор «Касперский лабораторияси»ни Россия разведка хизматлари билан алоқада бўлганликда айблаган. Британияда «Касперский лабораторияси» антивируси Россия давлати манфаатлари йўлида фойдаланувчи маълумотларини тўплаши мумкинлиги гумон қилинган эди. «Касперский лабораторияси» Россия разведка хизматлари билан алоқаларини рад этди.
Россия компаниясига нисбатан чекловлар
Қўшма Штатлар «Касперский лабораторияси» ишини 2017 йилда, Америка давлат идораларига компания антивирусидан фойдаланиш тақиқланган пайтда чеклай бошлаган. 2022 йилда АҚШ Федерал алоқа комиссияси «Касперский лабораторияси» маҳсулотларини ускуналари мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи компаниялар рўйхатига киритди.
Июн ойида Оқ уй Қўшма Штатларда «Касперский лабораторияси» дастурий таъминотини сотишни тақиқлади, АҚШ молия вазирлиги эса компания раҳбарларига нисбатан санкциялар киритди. Шу билан бирга, «Касперский лабораторияси»нинг ўзи ва унинг асосчиси Евгений Касперский санкцияларга дучор бўлмади.
Мавзуга оид
09:40 / 24.06.2026
АҚШ Сенати Эронга қарши урушни тугатиш тарафдори
09:10 / 24.06.2026
АҚШ Кубага нисбатан санкцион босимни кучайтирмоқда
22:21 / 23.06.2026
Трамп Эроннинг музлатилган маблағлари фақат озиқ-овқат ва дори-дармонга сарфланишини айтди
09:45 / 23.06.2026