Жаҳон | 09:50 / 18.07.2024
2216
3 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШ билан ядро қуроли назорати бўйича маслаҳатлашувларни тўхтатди

Пекин АҚШнинг Тайванга қурол сотиши туфайли Вашингтон билан ядровий қурол назорати бўйича музокараларни тўхтатаётганини айтди.

Фото: Reuters

Пекин Вашингтон билан қуролларни назорат қилиш ва ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича музокараларни тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда 17 июл, чоршанба куни Хитой ТИВ расмий вакили Лин Цзян маълум қилди. У бу қадамга Америка қуролларининг Тайванга савдоси давом этаётганини сабаб сифатида кўрсатди.

Департамент вакили маслаҳатлашувлар тўхтатилгани учун масъулиятни Вашингтон зиммасига юклади ва агар Қўшма Штатлар «Хитойнинг асосий манфаатларини ҳурмат қилса», Америка томони билан «ўзаро ҳурмат асосида» мулоқотни тиклашга тайёрлигини билдирди.

Хитой ўзининг ядровий арсеналини кучайтирмоқда

Ўтган йилнинг ноябр ойида Хитой ва Қўшма Штатлар АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ўртасидаги музокаралар олдидан ўзаро ишончсизликни юмшатиш мақсадида ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказган эди. Кейинчалик бу масалаларнинг бошқа муҳокамаси ҳақида хабар берилмаган. Январ ойида Оқ уй Пекинни АҚШнинг қуроллар тарқалиши билан боғлиқ хавфларни камайтириш бўйича таклифларига «жавоб беришга» чақирди.

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Хитой ўз ядро арсеналини кутилганидан тезроқ кенгайтираётгани ҳақида хулоса қилганди. Агентлик маълумотларига кўра, 2023 йил май ойида Хитойда 500 дан ортиқ фойдаланишга тайёр ядро каллаклари бўлган, 2030 йилга бориб Пекин мингдан ортиқ каллакка эга бўлиши мумкин.

Тайван бўйича АҚШ-Хитой кескинлиги

Тайван муаммоси йиллар давомида Вашингтон ва Пекин ўртасида кескинликни келтириб чиқарган. 2024 йил июн ойида АҚШ Давлат департаменти орол хавфсизлигини яхшилаш ва минтақада сиёсий барқарорликни сақлаш зарурати билан изоҳлаб, Тайванга 300 миллион долларлик ракета ва учувчисиз учоқлар сотиш имкониятини тасдиқлади.

Қўшма Штатлар Тайван мустақиллигини тан олмайди, лекин унинг Хитойга мажбуран қўшилишига қарши. Шу билан бирга, Хитой расмийлари Пекин Тайванни исёнкор провинция деб билишини, керак бўлса, ҳарбий куч ёрдамида Хитойга қайтарилишини бир неча бор таъкидлаган. Орол ҳукумати 1949 йилда фуқаролар уруши тугаганидан кейин материк Хитойдан мустақиллигини эълон қилди, аммо Тайванни фақат Палау, Тувалу ва Белиз каби ўнга яқин давлат суверен давлат сифатида тан олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид