Наманганда пора билан “ўтириб чиқиб”, оқланган ИИБ ходими яна қамалди
Вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиб, ишни “ёпиб” бериш эвазига фуқародан пора олган Тўрақўрғон тумани ИИБ профилактика инспектори қамалди. У 2013 йилда ҳам пора олиш ва ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жиноятида айбланиб, 10 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ҳамда 2022 йил охирида оқланган.
Пора билан ушланган Тўрақўрғон тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспекторига суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ҳукмда келтирилишича, Тўрақўрғон тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори лавозимида ишлаб келган Т.С. тамагирлик йўли билан пора олиш жиноятини содир қилган. У туманнинг Катта қурама маҳалласида яшовчи фуқародан вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиб, ишни ҳал қилиб бериш эвазига 300 доллар талаб қилган.
Т.С. 2024 йилнинг 14 феврал куни ушбу фуқарони ўз хизмат хонасига чақириб, аввалига ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатишини айтиб, уни қўрқитган. Сўнгра бу ишни “ёпиб” бериш эвазига фуқародан 100 доллар ва 1 млн 240 минг сўм пул маблағини пора тариқасида олган. Аммо у тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукми билан Т.С. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” бандида кўрсатилган жиноятни (тамагирлик йўли билан пора олиш) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил Ички ишлар вазирлиги тизими органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Т.С. 2013 йилда ҳам Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б,в” бандлари (тамагирлик йўли билан кўп миқдорда пора олиш), 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбли деб топилиб, 10 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган. 2022 йил 28 декабр куни у Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция ҳукмига кўра, айбсиз деб топилган ва оқланган.
Олдинроқ Қорақалпоғистонда профилактика инспектори кекса фуқаронинг уйи ва пулини ўзлаштириб олгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
14:48 / 17.11.2024
Фарғонада ИИБ ходимига 3000 доллар пора таклиф қилган шахс қўлга олинди
13:46 / 14.11.2024