Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сеул КХДРни яна чиқинди шарларини учиришда айблади
Жанубий Корея армиясининг маълум қилишича, шарлар Кёнгидо провинцияси томон учган. Сеул Пхенянга жавобан чегарадаги овоз кучайтиргичлар орқали халқаро янгиликлар ва K-pop мусиқаларини эшиттиришни давом эттиряпти.
Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегарадан яна чиқинди шарларини учирди. Бу ҳақда 21 июл, якшанба куни Жанубий Корея бош штаблари бошлиқлари қўмитаси маълум қилди. Жанубий Корея ҳарбийлари қўшимча қилишларича, шарлар Кёнгидо провинцияси томон ҳаракатланган. Улар аҳолини қулаган нарсаларга тегмасликка, ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки ҳарбийларга хабар беришга чақиришган.
Икки кун аввал Сеул Шимолий Корея чегараси бўйлаб карнайлар орқали халқаро янгиликлар, демократия ва капитализм ҳақидаги маълумотлар ҳамда K-pop мусиқаларини эшиттиришни қайта бошлади. Жанубий Корея томони бу қадамни Пхеняннинг ҳаво шарлари ёрдамида амалга ошираётган «ёвуз, шармандали ва қўпол» ҳаракатларига муносабат сифатида изоҳлади.
Пхенян: чиқинди солинган шарлар - Кимни танқид қилувчи варақаларга жавоб
Май ойидан бери Шимолий Корея жанубий чегара орқали икки мингга яқин ҳаво шарларини учирди, уларга чиқинди ва гўнг солинган қоплар илиб қўйилган. Шимолий Корея расмийлари аввалроқ уларнинг жанубий қўшнисига «самимий совға»лари «чегара ҳудудига ташвиқот материаллари ва чиқиндиларнинг тез-тез сочиб юборилишига жавоб» эканини таъкидлаган эди. Шу тариқа Шимолий Корея жанубий кореялик фаолларнинг Шимолий Корея раҳбариятини танқид қилувчи варақалар, яриморол жанубидаги демократик жамият ҳақида маълумот берувчи ва шимолда тақиқланган Жанубий Корея поп-гуруҳларининг мусиқий видеолари бўлган USB’лар бўлган шарларни учираётганига жавоб қайтарди.
Жанубий Кореянинг аввалги ҳукуматлари фаолларнинг бундай кампанияларни ўтказишини тўхтатишга уриниб, улар тинчликни тарғиб қилмаслигини ва чегара яқинидаги аҳоли хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтишган. 2021 йилда ҳаво шарларини учириш бўйича тақиқ кейинчалик Олий суд томонидан конституцияга зид деб топилган, чунки бу сўз эркинлигини бузган.
2018 йил 19 сентябрда Кореялараро келишув имзоланган. У ҳарбий соҳада давлатлар ўртасидаги кескинликни камайтириш чораларини назарда тутади. 2023 йилнинг ноябрида Сеул Пхенян разведка сунъий йўлдошини учиргани сабабли ушбу келишувнинг баъзи бандлари тўхтатилганини эълон қилди.
Мавзуга оид
20:27 / 09.06.2026
Си Жинпинг Пхенянда: Хитой ва КХДР муносабатларни «янги чўққилар»га олиб чиқмоқда
20:18 / 11.05.2026
Ким Чен Ин ўзи ўлдирилган тақдирда, ядровий зарба билан қасос олишни буюрди
10:20 / 30.03.2026
КХДР АҚШга етиб бора оладиган ракеталар устида ишлаяпти
08:55 / 26.03.2026