Иқтисодиёт | 17:38 / 23.07.2024
10917
5 дақиқада ўқилади

Бадавлат мамлакатларда мигрантлар исталмаган тоифага айланмоқда — Economist

Бадавлат мамлакатлар муҳожирлар сони ўсиб боришига қарши чиқиб, миграция сиёсатини қатъийлаштирмоқда. Бу ўз самарасини бермоқда — афтидан, миграция буми ниҳоясига етмоқда, аммо бундай чоралар иқтисодиётга жиддий зарар етказиши мумкин, дея ёзади The Economist.

Andrey Rudakov / Bloomberg / Getty Images

Бадавлат мамлакатларда муҳожирлар тобора исталмаган тоифага айланиб бормоқда, деб ёзади The Economist. Нашр маълумотига кўра, сўнгги уч йилда ривожланган мамлакатларга 15 миллион киши кўчиб борган — бу замонавий тарихдаги энг катта ўсишдир. Ўтган йилда АҚШга 3 миллиондан ортиқ, Канадага — 1,3 миллион, Буюк Британияга — 700 минг атрофидаги киши миграция қилган. Мигрантлар турли мамлакатлардан келмоқда, жумладан урушдан қочган юз минглаб украинлар, шунингдек Ҳиндистон ва Африканинг Саҳройи кабирдан жанубдаги қисмидан миллионлаб кишилар.

Келаётган мигрантлар сонини қисқартириш учун мазкур мамлакатлар ҳукуматлари миграция сиёсатини қатъийлаштирмоқда. Австралия, Буюк Британия ва Канада «дипломлар фабрикалари»ни (ўзини олий таълим муассасаси деб эълон қиладиган ва тўлов эвазига таълим олганлик тўғрисидаги сохта дипломлар берувчи ташкилотлар — таҳр.) ёпмоқда, бундай ташкилотлар ҳақиқий нияти мамлакатда ишлаш учун қолиш бўлган одамларни қабул қилади.

Бу йил Канада ўқиш учун рухсатномалар миқдорини уч баробарга қисқартиришни ҳам режалаштирган. Бошқа мамлакатлар эса мигрантларга ўзи билан оила аъзоларини олиб келиш имкониятини қийинлаштирмоқда, дея қайд этади The Economist.

Июн ойида АҚШ президенти Жо Байден Мексика билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган мигрантларга бошпана беришни вақтинча тақиқлаганди. Франция президенти Эммануэл Макрон бошпана бериш рад этилганларни депортация қилиш жараёнини тезлаштирмоқчи. Шу каби чоралар Германияда ҳам қабул қилинмоқда.

Бундан ташқари, олдинда «янада қаттиқроқ чекловлар ҳам бўлиши мумкин», дея ёзади нашр. АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп сайланадиган тақдирда 7,5 миллионга яқин ноқонуний муҳожирни депорт қилишини айтган.

Ҳозирнинг ўзидаёқ миграция буми «ниҳоясига етиши мумкинлиги» белгилари кўзга ташланмоқда, дейилган материалда. Канадага миграция олдинги пик давр билан солиштирганда қарийб икки баробарга қисқарган, Янги Зеландияда ҳам кескин пастлаш кузатилган. Бадавлат мамлакатларда иш ўринлари олдингига қараганда кам бўлмоқда, бу эса эҳтимолий мигрантлар келиши учун стимулни йўқотмоқда, Украинадан қочқинлар оқими ҳам сустлашган.

Шунингдек, янги аксилмиграция чоралари ҳам муҳим рол ўйнамоқда, деб ҳисоблайди The Economist. Сўнгги икки йилда Евроиттифоқда депортация ҳақидаги қарорлардан кейин ўз ватанига қайтарилган учинчи мамлакат фуқаролари сони 50 фоизга ошган. 2024 йилнинг биринчи чорагида Британиядан «мажбуран қайтарилганлар» ҳам ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 50 фоизга ортган. Яқинда АҚШ жанубий чегараларини ноқонуний кесиб ўтаётганлар сони сўнгги уч йилдаги энг паст даражага тушганди.

«Миграцияга қарши айрим чоралар, айниқса ёппасига депортация қилиш ҳолатлари иқтисодиётга улкан зарар етказиши мумкин», — дея қайд этади The Economist. Миграцияни чеклаш ишчи кучи тақчиллигини юзага келтириши мумкин, бой мамлакатлар иқтисодиёти 2021 ва 2022 йилларда ҳам шундай муаммодан азият чекканди. Бу эса, ўз навбатида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми кўрсаткичларини камайтиради, деб огоҳлантиради нашр. Узоқ муддатли истиқболда миграция ишчи кучлар ихтисослашувини оширишга ҳам имкон беради.

The Economist учинчи дунё мамлакатларидан келадиганлар кўп ҳолларда жозибали бўлмаган ва кам ҳақ тўланувчи, шу билан бирга ҳаётий муҳим бўлган соҳалар, хусусан қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ишлашини қайд этади. 2019 йилдан 2023 йилга қадар АҚШ қурилиш соҳасидаги хорижликлар сони кескин кўтарилган. Норвегияда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хорижлик ишчилар миқдори ковид пандемияси давридан буён 20 фоизга ошган. Ирландияда ишловчи, аммо бошқа мамлакатларда ўқиган шифокорлар сони 28 фоизга ўсган. Худди шу даврда Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизматида ишловчи хитойликлар сони икки баробар, кенияликлар сони эса уч баробар кўпайган.

«Аҳолиси қариётган бадавлат мамлакатларга вақт ўтиши билан кўпроқ ёш ва ишлашга тайёр ходимлар керак бўлади. Чунки пенсия ёшини кескин кўтариш ёки соғлиқни сақлаш тизимини қандай қилиб янада самарали қилиш ҳақида гапирадиган сиёсатчилар топилмайди. Мамлакатга янги мигрантлар келишини чеклаш сиёсатчиларга маълум вақт давомида қўлловни оширишга имкон берса-да, иқтисодий мантиқ бундай позиция оқибатлари даҳшатли бўлишини кўрсатади», — дейилган материалда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид