Ўзбекистон | 14:41 / 24.07.2024
9634
2 дақиқада ўқилади

Ноткоин сотган яна бир йигит 10 суткага қамалди

Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи 21 ёшли йигит 20 мингта ноткоин крипто-активини 150 АҚШ долларига сотган. Суд уни крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганликда айбли деб топди ва маъмурий қамоқ жазоси бериш билан бирга телефон аппаратини ҳам мусодара қилди.

Фото: Kun.uz

Кармана туманида яшовчи, 2003 йилда туғилган Ғ.Ё. ноткоин сотгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, 2024 йил 28 июн куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан фуқаронинг аризаси юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилган. Жараёнда Ғ.Ё.га тегишли телефон ва пластик картадан крипто-активларнинг ноқонуний фаолияти билан шуғулланилгани аниқланган.

Суд мажлисида Ғ.Ё. айбини тан олиб, крипто-активни Telegram’да йиғганини, 20 000 дона ноткоинни 150 АҚШ доллари эвазига сотганини маълум қилган. Йигит бу қилмиши ноқонуний эканини билмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

ЖИБ Чилонзор туман судининг 23 июлдаги қарори билан Ғ.Ё. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топган. Унга нисбатан 10 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган телефон аппарати тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланган.

Аввалроқ Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчиси ҳам ноткоин сотгани учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилганди.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик назарда тутилган. Ушбу моддага кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоқ (маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима) жазосига сабаб бўлади. 

Мавзуга оид