Жамият | 09:29 / 25.07.2024
13122
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда содир бўлган ЙТҲда 8 киши ҳалок бўлди 

Қўнғирот туманида Lacetti йўлнинг қарама-қарши томонидан келаётган Cobalt билан тўқнашди. ЙТҲ оқибатда 2 ҳайдовчи ва 1 йўловчи воқеа жойида, 5 киши шифохонада вафот этган.

Фото: Видеодан кадр

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида инсонлар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 22 июл куни соат 19:05лар атрофида Қўнғирот тумани ҳудудида содир бўлган. 30 ёшли ҳайдовчи М.Н. Lacetti машинасини туман марказидан «Қорақалпоғистон» ППЖ томонга бошқариб бораётиб бошқарувни йўқотган. Бунинг оқибатида Lacetti йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, 23 ёшли У.Д. бошқарувидаги Cobalt билан тўқнашган. Тўқнашувдан сўнг Cobalt машинасида ёнғин ҳам келиб чиққан. 

ЙТҲ Оқибатда Lacetti ҳайдовчиси ва унинг 38 ёшли йўловчиси А.Б. ҳамда Cobalt ҳайдовчиси У.Д. ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Lacetti машинасида йўловчи сифатида кетаётган 49 ёшли Б.Т. ҳамда Cobalt йўловчилари — 31 ёшли Т. А., 27 ёшли К.Т., 53 ёшли К.К., 30 ёшли С.Р.  олган тан жароҳатлари оқибатида Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Мавзуга оид