Жаҳон | 08:45 / 27.07.2024
4574
3 дақиқада ўқилади

500 га яқин компания АҚШнинг иккиламчи санкцияларига дучор бўлди

2022 йил февралидан 2024 йил июн ойи охиригача 57 давлатнинг 494 компанияси АҚШнинг ушбу санкцияларига дучор бўлди, деб ёзади «Ведомости» Россия халқаро ишлар кенгаши директори маълумотларига таяниб.

Фото: AP

Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин ва 2024 йилнинг биринчи ярми охиригача 57 мамлакатдан 494 та компания АҚШ томонидан иккиламчи санкцияларга дучор бўлди. Бу ҳақда 26 июл, жума куни «Ведомости» газетаси Россия халқаро ишлар бўйича кенгаши (РХИК) директори Иван Тимофеев маълумотларига таяниб хабар берди.

Нашр таъкидлаганидек, иккиламчи санкциялар ҳолатлари ярмидан кўпи АҚШ Молия вазирлигининг экспорт назорати остидаги электроника ва саноат товарлари ҳамда ускуналарини етказиб бериш билан боғлиқ. Иккинчи сабаб - компаниянинг илгари санкциялар қўлланган жисмоний ёки юридик шахслар билан алоқаси: жамғармалар, трастлар, ҳолдинг ёки бошқарув компаниялари. Шунингдек, дастлабки бешта сабаб орасида логистика компаниялари ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳолатлари, жумладан, учувчисиз тизимлар ва сунъий йўлдош тасвирларини етказиб бериш бор.

Иккиламчи санкциялар объектларининг географияси

«Компанияларнинг аксарияти Москвага нисбатан чекловлар киритмаган «дўстона» мамлакатларга тегишли», деб ёзади «Ведомости». Нашр маълумотларига кўра, уларнинг санкцияланган шахслар рўйхатидаги улуши 378 та юридик шахс ёки 76,5 фоизни ташкил этади. Қолган 116 та «зарар кўрган юридик шахслар» «дўст бўлмаган» мамлакатларда ёки Россияга қарши санкциялар қўйган давлатларда рўйхатга олинган. Россия «дўст бўлмаган»лар рўйхатига Европа Иттифоқининг 27 та давлати, Британия, Швейцария, Норвегия, АҚШ, Канада, Австралия, Япония, Жанубий Корея ва бошқа нисбатан кичик мамлакатларни киритган.

Иккиламчи санкцияларга дучор бўлган компанияларнинг аксарияти Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Кипр ва Швейцариядан. Шу билан бирга, собиқ СССР мамлакатлари орасида бундай юридик шахслар унчалик кўп эмас: масалан, Қирғизистонда 10 та компания, Молдовада - 8, Беларусда - 7, Қозоғистонда - 4, Арманистонда - 3, Озарбойжонда - 2, Гуржистон ва Тожикистонда - битта. Шуниси эътиборга лойиқки, Россия билан савдо айланмаси мунтазам ўсиб бораётган «дўстона» Ҳиндистонда АҚШнинг иккиламчи санкцияларига дучор бўлган фақат иккита компания рўйхатга олинган.

АҚШ Россия ва бошқа мамлакатлардаги 300 та фирмага қарши санкциялар киритди

Қўшма Штатлар 12 июн куни Россиянинг Украинадаги урушига қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди. Москвага жорий қилинган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган яна 33 киши, 300 га яқин компания ва ташкилотлар қора рўйхатга киритилган. Чекловларга дучор бўлган юридик шахслар орасида Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Болгария, Сербия, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларус ва Британия Виржиния ороллари компаниялари бор, дейилади АҚШ Молия вазирлиги хабарида.

Мавзуга оид