Россия–Украина уруши: Европа ҳарбий алянс тузмоқчи, Хитой фаоллашди
Европа Иттифоқи ўзининг мудофаа ташкилотини тузмоқчи, бу НАТОга ишончсизлик ва Трампнинг эҳтимолий президентлигига тайёргарликми? Украинада тинчликка эришиш бўйича Хитойнинг фаоллашгани нимани ўзгартиради? “Геосиёсат”да таҳлилчилар Россия–Украина уруши атрофидаги сўнгги воқеликлар ҳақида сўз юритади.
Суҳбатдошларимиз – Камолиддин Раббимов, Ойбек Сирожов, Шуҳрат Расул ва Абдували Сойибназаров.
— Европа Иттифоқининг ўз яхлит мудофаа ташкилотини тузиш режаси НАТОга ишончсизликми ёки бунинг бошқа сабаблари борми?
Ойбек Сирожов: Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ўзининг сайловолди дастурида Европа Иттифоқини Европа Ҳарбий Иттифоқига айлантириш масаласини кўтарди ва кейинги 5 йил ичида шунга асосий урғу бериш кераклигини қайд этди. У 2019-2020 йилларда ҳарбий соҳага ажратилаётган сармоя Европада 20 фоизга ошган бўлса, Россия ва Хитойда 300, 600 фоизга ошганига эътибор қаратди.
Буни сайлов олдидан қилинган пиар деб ҳисоблаш мумкин, чунки иттифоқни ҳарбий ташкилотга айлантириш жуда мураккаб масала. Биринчидан, бу лойиҳани амалга ошириш учун иқтисодий имконияти етмайдиган Европа давлатлари бор, улар ҳарбий харажатларини ошириш учун баъзи ижтимоий лойиҳалардан воз кечиши тўғри келади. Иккинчидан, тарихдан маълумки, 1951 йилларда Европа Пўлат ва Кўмир Уюшмаси шакллантирилиб, Европа Иттифоқи томон қадам ташланишидан олдин минтақада ҳарбий блоклар мавжуд бўлган, “Антанта”, “Учлар Иттифоқи” сингари, лекин булар Европа тараққиёти учун эмас, кучларнинг бўлинишига, янги уруш ўчоқларини келиб чиқишига сабаб бўлган.
Учинчидан, масалага ҳарбий томондан ёндашсак, у ерда ягона ҳарбий мудофаа тизимини шакллантириш ғояси илгари сурилмоқда. Бунда Европанинг қудратли давлатлари ўзининг ҳарбий қурол-яроғларини умумий тизимга кўпроқ жорий этишга уриниши, шу аснода рақобат ва бўлиниш юзага келиши мумкин.
Тўртинчидан, бу масала олимлар томонидан ҳам таҳлил қилинган бўлиб, Европада НАТОга муқобил қандайдир ташкилот тузиладиган бўлса, бу Европанинг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланади. Европа давлатларининг энг катта ютуқларидан бири бу – НАТОга аъзолик. Ҳатто кам сонли аҳолига эга Латва ҳам НАТОнинг ҳимояси остида ўзини хавфсиз ҳис қилмоқда. Бугун НАТОга муқобил янги ташкилотнинг тузилиши Европа учун янги муаммоларни туғдиради.
Шуҳрат Расул: Мен бу ҳаракатни шунчаки шов-шув учун қилинаётган ишлар деб ҳисобламайман. Европанинг хавфсизлик масаласини икки қисмга бўлишимиз мумкин, Варшава шартномаси мавжуд даврларда ҳарбий масъулият барча Европа давлатларига тенг бўлинган эди. Шарқий блок қулагандан кейин, Европа давлатлари маълум бир давр мобайнида хотиржамликда яшади. Россия реал хавф сифатида кўрилмади ва буларнинг ҳаммаси 2014 йилдан ўзгара бошлади. Қрим аннексиясидан кейин хавотирлар бошланди, янги қўшимча босимлар пайдо бўлди. Бу босимларга бардош бериш учун НАТОнинг консолидацияси керак эди, лекин бу консолидацияга дарз кетди: Трамп келиб айтдики, сизлар 20-25 йилдан бери яйраб яшадиларинг, мудофаа билан ишларинг бўлмади, мана масалан Германия, 85 миллион аҳолиси бор, лекин армияси бор-йўғи 150-160 минг. Энди хавфсизлигингизни биз билан бўлишасиз, яъни пулини тўлайсиз, деди Трамп. 2017 йилда Германияда Меркел билан музокараларда АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш ҳақидаги дағдағаларини эслашимиз мумкин.
Трампнинг талабларига Европа давлатлари қаршилик кўрсатди, чунки улар ўз бюджетидан ҳарбий соҳа учун қўшимча пул ажратишни хоҳламаётган эди, Американинг соябони остида яшайверамиз деб ўйлашаётганди. Ҳозир эса Германияда Шолц, Францияда Макрон ва бошқалар Европанинг ўзининг қалқони бўлиши кераклигини тушуниб етди ва Европанинг сиёсий интеграцияси ҳосиласи сифатида ҳарбий интеграция кун тартибига чиқяпти. Евроиттифоқда биринчи марта ҳарбий ишлар комиссари тайинланди, бу бошқача айтганда мудофаа вазири дегани. Бюджет ҳам каррасига кўпайиб, умумий 30 минг кишилик Евроиттифоқ чегара қўшинларини тузишга келишиб олинди. Бу ҳали 30 минг кишидан кенгайтирилади. Умуман, ҳозир Европада умумий армиянинг каркаси шакллантириляпти.
Камолиддин Раббимов: Ҳар доим НАТОнинг ичкарисида иккита гуруҳ бўлган. Биринчиси – америкапараст давлатлар, иккинчиси – Германия ва Франция каби имкон қадар НАТОдан масофа сақлаш керак деган фикрдаги давлатлар. НАТОнинг ичкарисида ҳарбий операциялар штаби бор, мана шу структурадан Франциянинг чиқиб кетган ҳолатлари ҳам бўлган. Яъни Франциянинг Америкага ишонмаслик тушунчаси бу ташқи сиёсатдаги асосий позициялардан биридир. Германия эса Европа Иттифоқидаги давлатлар орасида энг бойи бўлгани учун Америкадан мустақил бўлишга ҳаракат қилиб келган. Агар ёдингизда бўлса, бундан бир неча йиллар олдин Франция президенти Макрон Туркия билан зиддиятлар фонида, “НАТО аллақачон комада” деб таъкидлаганди. НАТОнинг ичида аниқ бир позиция йўқлигини кўплаб Европа давлатлари айтиб келмоқда.
Европа Иттифоқи лидерлари Европа ўзининг мудофаа тизимини шакллантириши керак деганда, иккита ҳолатни назарда тутади: биринчиси – АҚШда Трампнинг ҳокимиятга келиши эҳтимоли, иккинчиси – Россиянинг агрессивлашиб бораётгани. Аммо Трамп яна ҳокимиятга келадиган бўлса, НАТОдан чиқиб кетишини таъкидлаган эди. Бу иш содир бўлишининг олдини олиш учун Америка Конгресси қарор қабул қилдики, Америка президентининг иродаси билан халқаро ташкилотлардан чиқиб кетиш мумкин эмас, президент шундай ташаббус билан чиқадиган бўлса ҳам конгресс овоз берса ва кўпчиликнинг ташаббуси билан буни амалга ошириш мумкин деган қонуний қарор қабул қилинди. Аммо Трамп бошқача позицияга ўтди, агар НАТОга белгиланган сумма давлатлар томонидан белгиланмас экан, Америка уларни ҳимоя қилмайди деди. Ва унинг бу позицияси бугунги кунда сақланиб турибди.
Кейинги 3 йил ичида Европа Иттифоқининг тафаккури кардинал ўзгарди. 3 йил аввал Россия таҳдиди бу риторика эди, унинг реаллиги амалиётда англаб етилмаганди. Энди эса Европа давлатларининг кўпчилиги қаттиқ қуролланиш позициясига ўтмоқда. Совет Иттифоқи қулагандан кейин ҳарбий саноатга киритиладиган бюджет миқдори жуда пасайиб кетганди, охирги бир ярим йилда эса Европа тўлиқ қуролланишни бошлади.
Экспертлар шарҳи билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишинг.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
02:02
Канада Мудофаа вазирлиги Хитойни Арктикада разведка маълумотларини тўплашда айблади
22:37 / 23.11.2024
Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди
08:30 / 23.11.2024
Болтиқбўйи давлатлари НАТОдаги иттифоқчиларини Киевга ёрдамни кучайтиришга чақирди
21:00 / 21.11.2024