Жаҳон | 22:41 / 30.07.2024
5901
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Беларусда ўлимга ҳукм қилинган Германия фуқаросини афв этди

Беларусь президенти Александр Лукашенко Минск яқинидаги темир йўл станциясидаги портлаш иши бўйича ўлимга ҳукм қилинган Германия фуқаросини афв этиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда Лукашенко матбуот хизматига боғлиқ Telegram’даги «Пул первого» канали хабар берди.

Фото: «Вясна» инсон ҳуқуқлари маркази

Германия фуқароси Рико Кригерга тайинланган ҳукм ҳақида 19 июль куни маълум бўлганди. Минск суди унга олий — отув орқали ўлим жазосини тайинлаган. Кригер олтита модда бўйича айбланган: ёлланиш, яширин фаолият, террорчилик акти, «экстремистик тузилма»ни яратиш, ўқотар қуроллар ва портловчи моддаларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар, транспорт воситаси ёки алоқа воситаларини қасддан йўқ қилиш. 

Орадан бир неча кун ўтгач, Беларусь давлат телевидениеси Кригер панжара ортида ўтирган ҳолда, бир йил олдин Украинага кетишга, у ерда хорижий легионга санитар сифатида ёлланишни режа қилганини айтиб бергани тасвирланган сюжетни эълон қилди.

30 июль куни Кригер Александр Лукашенкога мурожаат йўллаб, ундан ўзини афв этишини сўради. «БелТА» агентлигининг ёзишича, шу муносабат билан Лукашенко Кригер иши бўйича «жараёнга алоқадор одамларни суҳбатга таклиф қилган».

Кригер 2023 йил 6 октябрь куни Беларусь ҳудудида қўлга олинган. Терговчиларининг версиясига кўра, Кригер ўтган йилнинг сентябрида Украина томонида жанг қилаётган «Калиновский полки»га қўшилмоқчи бўлган. Мамлакатда экстремистик тузилма деб топилган гуруҳ ўз навбатида Кригернинг полк фаолиятига алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Материалларда келтирилишича, Кригер мамлакатга 2023 йил 2 октябрь куни турист сифатида кириб келган. Унинг ёнида учувчисиз учиш қурилмаси бўлган. Орадан икки кун ўтгач, у Украина Хавфсизлик хизматининг топшириғига биноан 97115 ҳарбий қисм ҳудудини, темир йўлни, вагонларни суратга олган.

Мавзуга оид