Жаҳон | 08:32 / 01.08.2024
1785
2 дақиқада ўқилади

Россияда янги фуқаролар ҳарбий хизмат учун рўйхатдан ўтиши керак бўлади

Агар Россиянинг янги фуқаролари ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтмасалар, қонунларга киритилган янги тузатишларга кўра, улар Россия Федерацияси паспортларидан маҳрум бўладилар. Давлат думаси тегишли қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Фото: Максим Богодвид/РИА Новости

Россия Давлат Думаси биринчи ўқишда ҳарбий рўйхатдан ўтмаган фуқароларни Россия фуқаролигидан маҳрум этиш имконини берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда 31 июл, чоршанба куни Россия парламенти қуйи палатаси сайтида маълумот берилди.

Ҳужжат «Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги ва «Фуқаролик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритишни назарда тутади, унга кўра Ички ишлар вазирлиги Россия фуқаролигини бериш тўғрисида қарор қабул қилинган эркаклар тўғрисидаги маълумотларни ҳарбий рўйхатга олиш реестрига юбориши керак бўлади. 

Тегишли қонун лойиҳаси бир кун аввал Давлат думасига парламент қуйи палатаси спикери Вячеслав Володин бошчилигидаги барча фракцияларнинг депутатлар гуруҳи томонидан киритилган эди.

Икки кун аввал Давлат думаси Россия фуқаролигини олган эркаклар учун ҳарбий хизмат муддатини икки йилга, шунингдек, мамлакатнинг янги фуқаролари учун чақирув ёшини оширишни режалаштираётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид