Жаҳон | 09:00 / 02.08.2024
1919
3 дақиқада ўқилади

Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун кучга кирди

«Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун маблағлари камида 20 фоизини хориждан оладиган ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилади. Қонун Гуржистонда норозиликларга келтириб чиқариб, Европа Иттифоқи ва АҚШнинг танқидига сабаб бўлди.

Фото: Davit Kachkachishvili/AA/picture alliance

Гуржистонда 1 август, пайшанба куни оммавий норозиликларга сабаб бўлган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Ҳуқуқий нормада даромадининг камида 20 фоизини хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига давлат рўйхатидан ўтиш мажбурияти юкланган

Қонун амал қилиши назарда тутилган ташкилотлар ҳар йили Адлия вазирлигига даромадлар ва харажатлар декларациясини тақдим этиши шарт. Ушбу талабларни бажаришдан бўйин товлаганлик учун 25 минг лари (тахминан 8,5 минг евро) миқдорида жарима солинади.

Гуржистонда намойишлар ва президентнинг Конституциявий судга даъво аризаси

Баҳсли қонуннинг қабул қилиниши апрел ойи ўрталаридан бошлаб норозилик намойишлари билан бирга кузатилмоқда. Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили ҳужжатга вето қўйиб, уни «чет эл агентлари тўғрисида»ги Россия қонунининг нусхаси деб атади, бироқ ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси парламентда кўпчилик бўлгани эвазига давлат раҳбари ветосини енгиб чиқди. 

Кейинчалик Зурабишвили Конституциявий судга даъво аризаси билан чиқди. Айни пайтда Гуржистон ҳукумати «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун давлат суверенитетини мустаҳкамлайди ва жамиятдаги қутбланишни камайтиради, деб даъво қилмоқда. 

ЕИ ва АҚШнинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга муносабати

«Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун Европа Иттифоқи ва АҚШ танқидига сабаб бўлди. Шу тариқа, ЕИ давлатлари раҳбарлари Гуржистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини тўхтатиб қўйди ва Тбилисини мудофаа соҳасида қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 30 миллион еврони музлатди.

Ўз навбатида, Қўшма Штатлар бир қатор гуржи сиёсатчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига виза беришни тақиқлади, шунингдек, Гуржистон билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқишини эълон қилди. Хусусан, Вашингтон Тбилисига ажратиладиган 95 миллион долларлик ёрдамни тўхтатди ва Гуржистон билан ўтказиладиган «Лойиқ шерик» қўшма ҳарбий машғулотларини номаълум муддатга қолдирди. 

Мавзуга оид